Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Коррупция!.. Катта балиқлар қачон илинади?

Коррупция!.. Катта балиқлар қачон илинади?

Ҳар қандай мамлакатни тараққиётдан тўсувчи, таназзулга етакловчи жиноят бу, шубҳасиз, коррупциядир! У – жирканч, ботқоққа ботирувчи иллат! Коррупция йўқолмас экан, халқнинг фаровон яшаши, «ислоҳотларнинг жадал ривожланиши» жуда қийин. Бу балога лоқайд қаралса, шунчалик томир отадики, қирқиб ташлаш оғир бўлади. Чунки, бир иборада айтилганидек, коррупция ўз илдизини юқорига қарата чуқур отади.

Ўзбекистонда 2017 йил 4 январдан кучга кирган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунга кўра, «коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиш, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш»дир.

Мамлакатимизда «коррупция» сўзи ишлатилган 207 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ишлаб турибди. Кейинги ойдан Коррупцияга қарши курашиш ва ахлоқ қўмитаси ҳам иш бошлаши кутилмоқда.

«Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир», дейилади Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сайтида.

Хўш, бугун мазкур «ижтимоий ҳодиса» Ўзбекистонда қай даражада бўй кўрсатяпти? Гап фақат қонун, қарор, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, агентлик ва қўмиталарда бўлганида қани эди! Қоғозда тахланиб ётадиган ҳужжатларнинг нима кераги бор? Ҳамма гап уларнинг механизмида, ҳаётга жорий этилишида. 207 та норматив ҳужжатни шунчаки санаб ўтиб, коррупцияни таг-томири билан суғуриб бўлмайди. Халқ, оддий одамлар нима демоқда? Бу мавзуда ижтимоий сўровномалар ўтказиляптими?

Тан олиш керак, бугун маълум маънода коррупциянинг йўли тўсилмоқда. Хўш, қайси жабҳаларни ундан холи дейиш мумкин?

  1. Олий ўқув юртига ўқишга кириш. Жамиятдаги энг оғриқли нуқта эди. «Экс-вариант», «Паровоз», «Бункер» орқали билимли ёшларнинг ҳаётини поймол қилган, коррупцияни гуллатган йилларни эсдан чиқариб бўлмайди. Шукрки, ҳозир бу ҳолатлар учрамаяпти.
  2. Прописка. Бусиз ўз юртингда бегона эдинг. Кўча-кўйда милиция ходими паспортингни сўраши ва прописканг бўлмаса бўлимга олиб кетиши, кейин отнинг калласидек жарима солиб, камига пойтахтдан «бадарға» қилиш муддатини ҳам қўярди. Бугун эса прописка деган муаммо йўқ.
  3. Тегишли лицензия, справкалар олиш. Одамларнинг бир парча қоғозга эга бўлиш учун асабийлашиши, узоқ кутиши оддий ҳолат эди. Барҳам топди.
  4. Саломатлик, нотариус хизмати, боғчага болаларни жойлаштириш. Пул, пул, пул эди. Бугун эса уйдан чиқмасдан ҳам ҳал қилиш мумкин.
  5. Кадастр масалалари. Амалдорнинг димоғи осмонда эди. Бундан ташқари, уларнинг «учар»лари яхшигина соққа ишларди.

Ва яна айрим соҳалар (солиқ тизими, ЙПХ ва ҳоказо)...

Ҳа, коррупциянинг пайи қирқилмоқда. Аммо бу жараён жуда секин кечмоқда. Коррупцияга қарши кескин чоралар кўрилмаяпти, дадил курашлар кўзга ташланмаяпти.

«Ҳамма жойда коррупция. Ҳамма жойда ўғрилик. Қўлимизда аниқ ҳужжатлар бор. Йўл қурилишида коррупция, сувда, светда коррупция. Мактаб, коллежлар қурилишида ҳам.

Ижтимоий тармоқларда, сайтлардаям ёзишяпти бу ҳақда ҳар куни».

Бу сўзлар президентнинг 2021 йилда айтганлари ва мазкур масала ҳамон долзарблигича қолмоқда.

Аҳолининг оддий қатлами коррупциясиз иш битишига ҳали ҳануз ишонмайди. Чунки бу иллат учраб турибдигина эмас, урчиб ҳам кетмоқда. Ҳар ҳафтада – криминал статистика! Эътибор беринг, 2022 йил апрель ойининг ўзида:

  • Термиз шаҳар иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи ўринбосари Ғ.Н. субсидия тўланадиган талабгорларни танлаб олиш бўйича комиссиянинг масъул котиблигидан фойдаланган. Бир фуқарога уй-жой олиш мақсадида субсидия ажратилиши учун якуний хабарнома бериши эвазига 3 миллион сўм пора талаб қилган. 1 миллион сўм пулни олган вақтда ушланган;
  • Тошкентда ҳакамлик суди судьяси М.К. ишни жавобгарнинг фойдасига ҳал қилиб беришини айтиб, 4000 АҚШ доллари сўраган. Бу пулнинг 2500 долларини олаётганида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ўтган йилларда «снос» машмаси авж олган бўлса, бугун ерни ноқонуний сотиш «трендга чиқди». Ўз хизмат ваколатидан фойдаланган валломатлар енг шимариб ишга киришган. Жорий апрель ойида:

  • Зангиота тумани ҳокими ёрдамчиси А.Ю. тадбиркор Р.га 8 сотих ер майдонида турар жой биносини қуриш учун рухсатнома олиб бериш ва кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 15.500 АҚШ долларини талаб қилиб, қўлга киритган, яна 1000 долларни олаётганида ушланган;
  • Апрель ойида, шунингдек, Бўстонлиқда 5 гектар бўш ер майдонини 1 млн АҚШ долларига сотмоқчи бўлган уч нафар фуқаро 50 минг долларни аванс тариқасида қўлга киритаётганида ҳибсга олинган;
  • Бир шоввоз Самарқанд шаҳар Қорасув масканида ўзгага тегишли бўлган ер майдонидан бир гектарини 500.000 АҚШ долларига сотишни режалаштирган. 250 АҚШ долларини қўлга киритаётганида ушланган;
  • Андижон вилояти Избоскан тумани Пойтуғ темир йўл станцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи Э.А. станция тасарруфидаги ер майдонини фермер хўжалиги раҳбари ва унинг акасига сотмоқчи бўлиб, 8 минг АҚШ долларини олаётганида ушланган.

Коррупция ва унинг кўринишлари бўлган порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик ҳолатларига ҳам деярли ҳар куни дуч келяпмиз.

  • Сурхондарё вилояти Узун тумани банк кассири пенсия ва нафақа пулларини қиморга тикиб юборган;
  • «Фарҳод деҳқон бозори» раҳбарияти катта миқдордаги пул билан ушланган;
  • Норин туманида яшовчи аёл авиакасса очиб, 82 нафар фуқаронинг ҳар биридан авиачипта ва «Ковид-19» маълумотномаси учун пул олган ва ушбу маблағнинг ҳаммасини шахсий манфаати йўлида ишлатган.

Булар – коррупцияга йўл қўйиб қўлга тушганлар! Тутқич бермаётган, ҳаром жиғилдони учун пул олиб, тагига бостириб қўяётгани қанча экан? Улар ҳақида тегишли идораларга хабар берилмайди, тезкор тадбирлар ўтказилмайди. Чунки пора берувчи буни хоҳламайди, унинг учун тезроқ ишини битиргани фойда!

Минг афсуски, бугун амалдорлар қўлга тушиб қолишдан ҳам, жазодан ҳам, гуноҳдан ҳам қўрқмай қўйишди. Уларнинг ойлик маоши кам эмас: 10, 20 миллион сўм ва ундан ҳам кўп олади. Балки коррупция шу қадар урчиб, назорат қилиб бўлмаётгандир? Шу сабабли ҳам кенг қулоқ ёзаётгандир?

«Катта-катта ҳокимларни жавобгарликка тортсангиз, сизни ҳурмат қилишни бошлайман» - Президент ер ажратишдаги коррупция ҳолатлари юзасидан бош прокурорга шундай деган эди.

Яқинда бир танишим билан суҳбатлашиб қолдим. Қилмишлари ошкор бўлган, соҳани расво қилса-да, силлиққина қутулиб қолган амалдор ҳақида ҳайрат билан гапирди у.

«Ҳайронман, бунча пулни нима қиларкин-а? Миллионлар эмас, миллиардлар! Давлат маблағини ўзининг жиғилдонига урган. Ёрилиб кетмасмикан, деб ажабланаман. Қизиқ, балоям урмайди».

Ҳинд олими ва давлат арбоби Абдул Калам шундай деган эди: «Коррупция каби иллатлар қаердан пайдо бўлади? Улар поёни йўқ очкўзлик туфайли келиб чиқади».

Энг ёмон томони шундаки, давлат маблағини пухталик билан ўзлаштирган амалдорнинг малакаси ошиб бораверади. Дастлаб миллионларга, сўнг миллиардларга ўтади. Бағоят моҳирона ўмаради. Қонунни бузмайди, балки уни айланиб ўтади (Остап Бендер ибораси). Бунга сари нафси ҳакалак отаверади. Катта-катта ея бошлайди. Шундай махинациялар қиладики, минг тафтиш ўтказилса-да, айбини топиш қийин бўлади. Ҳар эҳтимолга қарши ўзи учун юқоридан яхши «таяч-танка» топиб қўяди. Уни ҳам озиқлантириб туради. Хуллас, билганини қилади, керак бўлса, халқнинг устидан кулади. Бугун шундай «катта балиқлар»нинг тутқич бермаётгани сабаби тизимнинг заифлигидамикан? Улар қачон тумшуғидан илинади?

Бурайда ибн ал-Ҳусайб розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Биз бирор ишга бошлиқ қилиб тайинлаган одам унга белгиланган маошдан ортиқ мол топса, у учун ҳаромдир» (Имом Абу Довуд ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Аллоҳ пора берганни ҳам, пора олганни ҳам лаънатлагандир» (Имом ибн Можа ривояти).

Дарвоқе, коррупционер амалдор ҳадисларни ўқирмиди? Ўқиганида коррупционер бўлармиди?

Хўш, коррупцияни батамом йўқ қилишнинг қандай ечимлари мавжуд? Кенг жамоатчиликнинг фикрича, бунинг учун жазони янада кучайтириш керак. Қилмиши учун оғир жазо кутишини билган амалдор коррупцияга йўл қўймайди. Аммо аслида тафаккуримизни ҳам ўзгартириш фурсати етмадимикан? Биз қонунларни жазолаш механизми деб ўйлаймиз. Ваҳоланки, халқ муҳокамасидан ўтган, депутатлар овоз берган, президент имзо чеккан қонундан қўрқиш эмас, уни ҳурмат қилиш керак эмасми?

Қуръони каримда шундай ёзилган: «Бир қавм ўзидаги ҳолатни ўзгартирмагунча Аллоҳ улардаги ҳолатни ўзгартирмас» (Раъд, 11-оят). Бугун бот-бот айтилаётганидек, илмдан бошқа нажот йўқ. Биз токи ўзимизни, фарзандларни яхши тарбия қилмас эканмиз, олға силжимишимиз мушкул. Афсуски, ҳали бу даражага бормадик, миямиз бошқа хаёллар билан банд. У очофат нафсимизни ўйлайди. Шу боис халқ манфаати ва фаровонлигидан кўра, ўзимизнинг чўнтагимизни қаппайтириш борасида бош қотирамиз.

Коррупция тугатилади. Эрта, индин... бирор кун! Агар бунга ишонмасангиз, ҳеч бўлмаса умид қилинг!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг