Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Иғво, ҳасад, бўҳтон. Тўлқин Тожиев нима учун театрдан кетган эди?

Иғво, ҳасад, бўҳтон. Тўлқин Тожиев нима учун театрдан кетган эди?

Бугун Ўзбекистон халқ артисти, севимли актёр, дубляжимиз қиролларидан бири, устоз санъаткор Тўлқин Тожиев туғилган кун.

Тўлқин Тожиев 1936 йил 13 апрелда Тошкентда туғилган. 1959 йили А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факультетини тугатиб, Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрига ишга киради.

Ўзбекистон халқ артисти Жўра Тожиев хонадонида ўсиб, вояга етган Тўлқин Тожиев ижодий фаолиятини жуда эрта бошлаган. 1947 йилдан «Ўзбекфильм» киностудияси ва республика радиосида ишлай бошлади. Оиладаги ижодий муҳит унда театр санъатига илк меҳрини уйғотган эди. Актёр бўлиб етишишида отасининг хизмати жуда катта бўлди. Биринчи устози ҳам Жўра Тожиев эди. Шунингдек, Шариф Қаюмов, Александр Гинзбург, Тошхўжа Хўжаев, Шукур Бурҳонов, Саъдихон Табибуллаев каби устоз санъаткорлардан кўп нарса ўрганди.

Тўлқин Тожиев Ўзбек Миллий академик драма театрида юздан ортиқ ранг-баранг образлар яратган. Бобчинский ва Хлестаков («Ревизор»да), Озрик («Ҳамлет»), Эдгар («Қирол Лир»), Яго («Отелло»), Мансур ва Жомий («Алишер Навоий»), Ориф («Имон»), Абдуллатиф («Мирзо Улуғбек»), Жонтой («Сарвиқомат дилбарим» спектакли) каби образлар ҳаётийлиги, жозибаси ва ёрқинлиги билан ажралиб турарди.

Бу актёр ижодини киносиз тасаввур қилиш қийин. 1954 йили Комил Ёрматов «Абу Али Ибн Сино» фильмидаги Журжоний ролига уни таклиф қилди. Тўлқин Тожиевни кенг жамоатчиликка танитган шу қаҳрамон бўлди. Шундан сўнг «Ўзбекфильм» ва Ҳамдўстлик мамлакатлари киностудияларида суратга олинган бадиий фильмларда 20 дан ортиқ роллар ижро этди. Латиф Файзиевнинг «Иккинчи баҳор» фильмида Ҳаким, ака-ука Алексеевларнинг «Алангали йиллар»ида Ҳайдар, Шуҳрат Аббосовнинг «Маҳаллада дув-дув гап» кинокомедиясида Маҳмуд, Дамир Салимовнинг «Беш оғайнилар»ида Жўра, Ройзманнинг «Ленфильм» киностудиясида суратга олинган беш серияли «Қора балиқ изи» фильмида Қодиров, Розанцевнинг «Ҳаёт сенинг қўлингда» картинасида Ҳасанов ва кўплаб фильмларда суратга тушиб, ўзбек кино санъатида ҳам ўз ўрнига эга бўлди.

Тўлқин Тожиев «Ўзбекфильм» киностудиясида ўзбекчага ўгирилган мингдан ортиқ хориж фильмига овоз берган. «Қилич ва қалқон», «Афоня», «Иван Васильевич касбини ўзгартиради», «Сиздан угина, биздан бугина», «Нофелет қаерда?» «Канонир Долласнинг саргузаштлари», «Садоқат», «Филлар менинг дўстларим», «Рам ва Шам»... Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Тиниб-тинчимас бу санъаткор республика радиосида ҳам мунтазам қатнашиб келган. Тингловчилар Тўлқин Тожиевни «Табассум» эшиттириши ва «Қармоқ» сатирик радиожурнали орқали жуда яхши биладилар. Кўплаб радиоспектакллардаги роллари ва ўқиган ҳажвий ҳикоялари ҳам халқ эътирофига сазовор бўлган.

Тўлқин Тожиевнинг ижоди муносиб тақдирланган. 1988 йилда унта Ўзбекистон халқ артисти унвони берилди. 1997 йилда эса санъаткор «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.

Бироқ... фаолиятининг авж чўққисида Тўлқин Тожиев театрни, умуман, санъатни тарк этишга мажбур бўлди. Унга ҳасад қилишган, иғво, бўҳтон тарқатишган, ҳақиқатгўйлиги учун сиғдиришмаган эди. Аммо Тўлқин Тожиев сира кам бўлган эмас. ризқи-насибасини бошқа даргоҳлардан ортиғи билан олди. У ҳар йили албатта хорижда дам олиб келади.

Камина яқинда Тўлқин Тожиев билан гаплашишга мушарраф бўлдим. Ўша қувноқ чеҳра, ўша ўктам овоз! Ҳар бир сўзни чертиб гапириши, юзидаги кулгичлари ҳали ҳануз куч-қувватга тўлалигини намоён этади. Мухлислари у киши ҳақида сўрашини айтганимда ҳайрон бўлди. «Мени унутишмадими?» – деди кулиб. Буни риторик савол сифатида қабул қилдим. Ахир, Тўлқин Тожиевни унутиб бўларканми?

Актёримиз чиройли шеърлар ўқиди. Ишонсангиз, бу инсоннинг талаффузида матндаги ҳар бир сўз жаранглайди. Хотирага ҳам балли!

Тўлқин ака чиройли оила қурди. Эр-хотин тўрт нафар фарзанд – икки қиз ва икки ўғилни вояга етказишди. Улар турли соҳаларни эгалладилар. Афсуски, санъаткоримизнинг рафиқаси Манзура Тожиева 2008 йили саратон касаллигидан вафот этди.

Бугун Тўлқин ака бир неча набира, чеваралари ардоғида Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Буюк ипак йўли Шўртепа маҳалласида истиқомат қилмоқда. Севимли актёримизга узоқ умр, тани сиҳатлик, ижодий куч-қувват тилаб қоламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг