52 ўғлон нобуд бўлди... Энди Россияга иш излаб бориш тўхтайдими?
Қозоғистонда фожиа юз берди. Фожиаки, нобуд бўлганларнинг оналари болаларининг, болалари оталарининг совуқ жасадини қучиб йиғлаши ҳам амримаҳол. Чунки куйиб кўмирга айланган майит уларнинг хотирасида бутун умр михланиб қолмаслиги, руҳиятига қаттиқ таъсир қилмаслиги учун яқинлари кўрсатмасликлари ҳам мумкин.
Бирор тасалли йўқки, бу жабрдийдаларга малҳам бўла олса. Дунёнинг жамики одами йиғилиб келиб ҳамдардлик билдирса ҳам уларнинг дарди енгиллашиб қолмайди. Ҳамдардлигимиз орқали биз кўпроқ ўзимизга тасалли бераяпмиз, ўрнак олаяпмиз, ёрдам бера олмаганимиздан афсусланаяпмиз холос.
Майли, бу борада ҳар бир қаламкаш нимадир битди, расман бўлмаса-да, бутун юрт мотамга чўмди, ҳукумат вазиятни ўрганаяпти, керакли ёрдамларни бераяпти.
Гап бутунлай бошқа ёқда. Бир нарсани очиқ тан олайлик – биз мана шу йўлларда, ўша юртларда бевақт жон бераётган ўғлонларимизни ҳисобласак, йўқотганларимиз урушга кирган кўплаб давлатларнинг йўқотишларидан кам бўлмайди. Худога шукур, замонамиз тинч, урушдан асрасин. Лекин бу йигитлар урушда ҳалок бўлган қаҳрамонлар сифатида эсланмайди, уларнинг фарзандлари отасининг ҳарбийдаги суратини уйи тўрига қўйиб ғурурланмайди, бир йил ўтиб хотира кунларида бу хонадонларни яқинларидан ўзга ҳеч ким йўқламайди!
52 ўғлон ўлди! Ўлганда ҳам жизғанак бўлиб куйиб-ёнди! Жанозаларда имомлар осон жон бериш, расм-русумлар асосида тупроққа қўйилиш насиб қилсин деганларида, шунақаям совуқ тилак бўладими дея ҳайрон бўлгандим. Аслида бу ҳам жуда эзгу тилак экан. Ўлигинг ўз юртингда бўлиши, яқинларинг орасида, жасадинг уринмай-суринмай жойига қўйилиши, бор қариндошинг сенинг ўша тириклигингдаги қиёфангни эслаб қолишида ҳам бир ҳикмат бор экан. Бу йигитлар шу бахтдан ҳам мосуво бўлишди-я! Яна қанчаси бутунлай йўқолиб кетди, қанчаси бахтсиз ҳодиса туфайли эмас, рангининг қорароқлиги, тили бурро эмаслиги туфайли камситилиб, қийнаб, эрмаклаб ўлдирилди.
Бу фақат бугуннинг гапи эмас, кеча ҳам бўлган, эртага ҳам давом этиши муқаррар. Демак, ниманидир ўзгартириш керак, ўзгартириш шарт!
Давлат раҳбари ўзгарди, майли, ҳали натижалар биз хоҳлагандек эмасдир, лекин тинимсиз ҳаракат қилаётганини тан олмасак кўзимиз кўр бўлади. Ҳатто омма олдида бу фожиада давлатнинг айби борлигини мардларча тан олди, ҳамма ёрдамни беришни буюрди.
Бир ҳолатга эътибор қаратинг – шу воқеадан кейин бирорта йўлга чиққан «россиячи» ортига қайтганини кўрдингизми? Ўша автобус ёнаётганида кейингиси муҳожирга тўлаётган, олдингиси шитоб билан кетаётган бўлгани аниқ. Вокзал ва аэропорт кассалари олдида ҳам «кечдим шу Россиядан, бола-чақам олдида тинчгина ўтирай» деганича олган чипталарини қайтараётганларни ҳам кўрмадик. Чунки бундай қилишмайди, Аллоҳга таваккал деб йўлга чиқаверишади. Сабабларини эса мендан яхши биласиз, президент ҳам айтди...
Нима қилмоқ керак?
Бугунги ислоҳотлар эртагаёқ самара бериб қолмайди. Бугун қурила бошлаган завод тўртта одамнинг қорнини тўйдириб, устини бутлагунча йиллар керак ҳатто. Лекин одамлар бугун яшаяпти. Улар бугун фарзандларининг камини қилишлари, даволанишлари, қиз чиқаришлари, ўғил уйлантиришлари керак. Аҳоли ўсиб бораяпти, иш ўринлари кам, борининг ҳам маоши ҳаминқадар, тирикчиликка етмайди. Шундай экан, давлат даражасида мигрантлар бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқишимизга нима халақит бермоқда?! Ғуруримиз юртдошларимиз жонидан устунми?! Ҳатто ривожланган ёки ривожланишдан орқада қолган давлатлар ҳам шу йўлдан боришганини билмаймизми?
Ўн йиллар олдин қизиқ бир маълумотни ўқигандим – тожикистонлик мигрантларнинг (уларнинг кўпчилиги Россияда) йиллик пул жўнатмалари бу давлатнинг ялпи ички маҳсулотидан кўпроқ экан. Ишониб-ишонмай юрган кунларимнинг бирида телевизордан тожик канали орқали Имомали Раҳмоннинг бир мажлисини кўрсатиб қолишди. Унда тожик мигрантларидан бири Россияда яхши иш тополмаётгани, олдинги иш жойида маошини ололмаганидан шикоят қилди. Шунда Раҳмон қайсидир амалдорни ўрнидан турғазиб, Россиянинг шу ҳудудига ким масъул эканини сўради ва бу муаммони тезда ҳал қилиб, натижасини маълум қилишни буюрди.
Албатта, ҳар бир президентнинг ўз иш услуби бор, улар бизнинг маслаҳатимизга муҳтожмас. Қолаверса бизнинг Президентимиз ҳар бир мигрантнинг муаммосини битталаб ҳал қиладиган даражада вақтга эга эмас. Лекин, ҳеч бўлмаса вазир, борингки, вазир ўринбосари даражасида мигрантлар муаммосига масъул тайинлашга нима халақит беради?
Масаланинг иқтисодий томони ҳам бор — ахир шу мигрантлар мамлакатимиз иқтисодиётига киритаётган пуллар озмунча эмас-ку. Бу борада яққол мисол Туркия бўлади. Бу давлат Германияга мигрантларни жўнатишни давлат дастури даражасига олиб чиққан. Алоҳида поездлар ташкил қилинган, пулларини етказиш билан махсус банклар шуғулланган, иш шароитлари мунтазам назорат қилинган, хавфсизлиги таъминланган. Оқибат нима бўлди – Германия арзон ишчи кучи билан иқтисодини ривожлантирди, Туркия кириб келган пуллар ортидан аввал халқини бойитди, кейин ўзи бойиди. Ватанпарвар турклар ортга қайтиб, ўрганган технологияларини ўз юртларида татбиқ қилдилар. Ҳозир ҳам Германияда турк диаспораси таъсир кучи ва одамлари сони бўйича биринчи ўринда туради. Хўш, бундан ким ютқазди? Германия алдаб кетдими ёки Туркиянинг обрўси тўкилиб қолдими?!
Биз ҳам шундай дастурни ишга туширсак – олдиндан аниқ иш ўринларини аниқласак, махсус поездлар ташкил қилсак, суғурта, тиббий хизматларни йўлга қўйсак ва бунинг учун минимал даражада ҳақ олсак, ким қарши бўлади? Майли, пули йўқлар бирдан тўламасин, иккинчи, учинчи маошидан оз-оздан тўлаб узсин. Тўлай олмаса яна имконият берилсин. Бир нарсани ҳисобга олиш керак – битта ишловчи бир оиланинг таъминотчиси, бир солиқ тўловчи ва энг муҳими битта боқиманданинг камлиги. Россиянинг етакчи мутахассислари давлат иқтисодиёти учун мигрантлар нақадар муҳимлигини бир неча бор таъкидлаганлар. Бунга ишониш керак – Россия аҳолиси камайиб бормоқда, ичкилик ва наркотик жиддий муаммо, бор ишловчиларнинг ҳам бизникилар қиладиган ишларга бўйни ёр беравермайди. Демак, бу фақат бизга керак деган фикрдан йироқ бўлайлик.
Қачонгача юртдошларимиз аравада бўлса ҳам амаллаб етиб олиш пайида бўлишади, борганларида ҳам ўз давлати ҳимоясини ҳис қилмай ҳар кимнинг кўзига мўлтираб қарашади?
Айтишингиз мумкин, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бор-ку, улар ишлаяпти-ку деб. Натижаларга эътибор беринг – бу агентлик орқали Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги битим асосида Россиянинг 24 та корхона ва ташкилоти билан тузилган шартномаларга асосан 922 нафар фуқаро ишлаш учун Россияга, 2613 нафар фуқаро ишлаш учун Корея Республикасига юборилибди. 35 кишидан иборат техник стажёрлар гуруҳини тайёрлаш ва Японияга юбориш режалаштирилибди.
Кечирасиз, бу дарёдан томчими ёки уммондан бир пиёлами?!
Россияга кетганлар кўрсаткичига қаранг – ахир бу бир вилоятнинг бир кунлик жўнаб кетаётган одами-ку. Демак ниманидир буткул ўзгартириш, қайта кўриб чиқиш шарт. Зудлик билан киришиш керакки, эртага кеч бўлмасин. Ҳал қилиш керакки, ўзбек уйида сотиб олаётган оловига йўлларда жизғанак бўлиб куймасин, авлодлар шундай имкониятни қўлдан чиқарганимиз, етимларни кўпайтирганимиз учун давримизни ёмонлаб ўтишмасин.
Ҳали умид бор...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter