Тиббий ниқобни қанча вақтда алмаштириш керак?
Бир марталик тиббий ниқоб грипп ва бошқа респираторли вирусли инфекциялар юқишининг олдини олувчи самарали восита ҳисобланади. Экспертлар таъкидлашича, у коронавирусдан ҳам ҳимоя қилиши мумкин. Қўл гигиенаси ва профилактика чоралари билан бирга ниқоб инфекциянинг юқиш хавфини сезиларли даражада камайтиради.
Респираторли вирусли инфекциялар одамдан-одамга асосан ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Бемор гапирганда, аксирганда ёки йўталганда унда респираторли ажралмаларнинг микро томчилари пайдо бўлади. Улар таркибида вирус бўлиши ва ҳаво орқали атрофдаги одамларнинг оғиз ёки бурун шиллиқ қавати юзасига учиб бориши мумкин. Тиббий ниқоб соғлом одам танасига респираторли ажралма томчиларининг тушишига йўл қўймайди.
Қачон тақиш шарт?
Вирусли инфекция аломатлари бўлган одамлар билан мулоқот пайтида бир марталик тиббий ниқоб тақиш тавсия этилади. Агар уйда хаста оила аъзоси бўлса, албатта ниқоб тақиш буюрилади.
Шунингдек, одамлар кўп тўпланадиган жойларда, масалан, ЎРВИ ва грипп мавсуми пайтида жамоат транспортида, шунингдек, бирорта респираторли касалликлар тарқалган вақтда ниқоб тақиш зарур.
Беморлар соғлом одамлар билан мулоқот чоғида ниқоб тақиши шарт. Мисол учун поликлиникага шифокор қабулига бораётганда ҳам ниқоб тақиш лозим.
Қанча вақтда алмаштириш зарур?
Тиббий ниқоб бир марталик, шу боис уни такроран ишлатиш мумкин эмас. Уни ҳар уч соатда алмаштириш тавсия этилади. Шунингдек, эски ниқоб намланиб қолганда ҳам янгисига алмаштириш даркор. Ниқобдан фойдалангач, уни ташлаб юбориш ва қўлларни яхшилаб ювиш зарур.
Ниқоб тақишни биласизми?
Тиббий ниқоб оғиз, бурун ва иякни ёпиши ва юзга ёпишиб туриши даркор. Ниқобни тақишдан олдин ундаги ажинларни текислаш лозим. Ниқобнинг бурун соҳасига тикилган эгилувчан пластинани бурунга зич тегизиб тақинг. Агар ниқобнинг бир томони рангли бўлса, оқ томони билан юзга тақилади. Шунингдек, илгакларга эътибор беринг: улар юзга тегадиган томонига қотирилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter