Сувга чўккан смартфонни қандай қутқариш мумкин?
Смартфонлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди: қаерда бўлсак — доим ёнимизда. Ишимиз ҳам шу билан, эрмагимиз ҳам шу. Смартфоннинг бузилиб қолиши-ку, «кун кайфияти»ни белгилаб беради... Бузилиш сабаблари эса кўп, масалан, кўплаб электрон қурилмалар каби смартфон ҳам сув билан чиқишмайди.
Мабодо сувга чўккан смартфон ҳаёт аломатларини кўрсатмаётган бўлса, нима қилиш керак? «РИА Новости»нинг ушбу саволига «Рақамли платформалар» нотижорий ташкилотининг стратегик коммуникациялар бўйича директори Александра Гаврилова жавоб берди.
«Агарда телефонингиз сувга чўккан бўлса, оқибатларини юмшатишнинг бир нечта йўли бор. Биринчидан, замонавий телефонларининг аксарияти сув ўтказмайди, сувга тушиб кетган қурилма дарҳол олинган бўлса, омадингиз чопиб, унга ҳеч нарса қилмаслиги ҳам мумкин. Бироқ, ҳар эҳтимолга қарши, унга бир кун дам бериб, эртасига ишлатганингиз маъқул», — деди мутахассис.
Агарда телефон сув ўтказувчан ва ишламаётган бўлса, уни ёқиш, тугмаларини босиш, силкитишга уринманг. «Акс ҳолда тизим платаси ва алоҳида қисмларига шикаст етказиб қўйиш ҳеч гапмас. Телефондаги айрим қисмларни алмаштириб бўлмайди, устабузармонлик оқибатида смартфонингиздан айрилиб қолишингиз мумкин», — огоҳлантиради Гаврилова.
Мутахассиснинг таъкидлашича, смартфонни мустақил қуритишга уриниш айрим деталларнинг ишдан чиқишига ҳам олиб келади. Энг оддий устахонада ҳам смартфонни очиб, қуритиб, ишлатиб бера олишади, унақа қиммат ҳам эмас. Смартфон сувга тушиб кетиб ишламай қолдими, дарҳол устага кўрсатинг, шунда смартфонга қиммат эҳтиёт қисм сотиб олиш ёки уни бутунлай янгисига алмаштиришга тўғри келмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter