Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шифокор ўз билганича витамин қабул қилувчиларни огоҳлантирди

Шифокор ўз билганича витамин қабул қилувчиларни огоҳлантирди

Фото: «Depositphotos/Ronstik»

Пандемия даврида аксарият одамлар коронавирусдан сақланиш умидида кўп миқдорда витамин қабул қилишга тушдилар. Бироқ бу организм фаолиятини издан чиқариши мумкин, дейди россиялик шифокор аллерголог-иммунолог Алексей Бессмертний «Sputnik» радиосига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, витаминли комплексларни суиистеъмол қилиш гипервитаминоз ҳолатини келтириб чиқариши мумкин. У эса фойдали моддалар ва микроэлементлар танқислигидан кўра хавфлироқ.

«D витамини ёки A витамини гипервитаминози соғлиқ учун хавфсиз эмас. Устига-устак, кўпгина поливитаминлар дори эмас, биоқўшимча сифатида рўйхатга олинишини унутмаслик керак. Статистикага кўра, жигар токсик зарарланишининг тўртдан икки қисми тегишли тартибда сертификатлаштирилмаган биоқўшимчалар билан боғлиқ», — дея изоҳлади мутахассис.

Унинг фикрича, гипервитаминоз аломатлари тушунарсиз, шу боис одамга нима бўлаётганини кўпинча тушуниб бўлмайди.

«Кўнгил айниши, лоҳаслик, чарчоқ, ажралаётган пешоб миқдори камайиши шулар жумласидан. D гипервитаминозида қайт қилиш, яъни интоксикациянинг барча аломатлари бор», — дея огоҳлантиради Бессмертний.

Унинг сўзларига кўра, агар таомнома сифатли маҳсулотлардан ташкил топган ва мева-сабзавотларга бой бўлса, қўшимча витаминларни қабул қилишга зарурат йўқ.

«Фақатгина айрим ҳудудлар учун «Йодомарин» ҳамда уч ёшгача бўлган болалар учун D витамин бундан мустасно бўлиши мумкин», — дея таъкидлади шифокор.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг