Қон босими ошганда қуйидаги маҳсулотларни чекланг
Гипертония замонамизнинг энг кенг тарқалган касаллиги саналади. Унга йўлиққан киши кучли бош оғриғи ва юрак безовталигидан қийналади. «RAMBLER»нинг ёзишича, бунда қон босими кўтарилади, кўриш қобилияти ёмонлашади, қулоқда шовқин пайдо бўлади.
Мазкур хасталикни шифокор даволаши зарур. Шунингдек, таомномадан айрим маҳсулотларни чеклаш орқали нохуш аломатларни бартараф этиш мумкин.
Туз билан қандни камайтиринг
Бу маҳсулотлар юрак босимига салбий таъсир кўрсатади. Тузнинг асосий таркибий қисми натрий ҳисобланади. У танадан суюқлик чиқиб кетишига тўсқинлик қилади. Шу туфайли қон миқдори ошиб, томирларга юклама ортади. Бунинг олдини олиш учун туз истеъмолини кунига 15 граммдан 4 граммгача камайтириш лозим. Таомга қўшимча туз сепмаслик керак. Чунки у оддий озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида етарлича топилади.
Қанд танада глюкоза даражасини оширади. Натижада бирдан қон босими кўтарилади. Шунингдек, у қандли диабет келиб чиқиш хавфини оширади, ортиқча вазн пайдо бўлишига олиб келади.
Алкоголь билан кофеинни чекланг
Спиртли ичимликлар ҳатто соғлом кишиларнинг қон босимини ҳам кўтаради. Гипертоникларга алкоголь мутлақо тақиқланади. Қаҳвани ҳам таомномадан чиқариб ташлаш ёки ҳеч бўлмаса камайтириш керак. Унинг ўрнига сачратқили чой ёки янги сиқилган шарбатлар ичиш мумкин. Улар ҳам худди шундай тетиклаштириш хусусиятига эга.
Ёғли гўшт ва колбаса камроқ енг
Одатда гипертония томирларга холестерин тиқилиб қолиши фонида келиб чиқади. У гўшт ва дудланган колбасаларда бисёр. Ҳайвон ёғини ишлатмасдан таом тайёрлашга ҳаракат қилинг. Таомга зайтун ёки кунгабоқар ёғини қўшинг. Гўшт сотиб олаётганда товуқ, курка ва бузоқ гўштини танланг. Колбаса истеъмолини чекланг.
Сариёғ истеъмолида ҳам чегара зарур
Бутербродга сариёғ жуда кам суртишга ҳаракат қилинг. Ёғли кремсиз торт танланг. Улар ҳам «зарарли ёғлар»га киради. Таомномадан пишлоқнинг айрим турларини ҳам чиқариб ташланг.
Ширинликларга ружу қўйманг
Пирожний, печенье ва конфет ўрнига мева-сабзавотлар енг. Таомномага қуруқ мевалар ва донли маҳсулотларни киритинг. Тана уларни узоқ вақт ҳазм қилади, сиз эса тинимсиз ширинлик ейиш хоҳишидан халос бўласиз.
Айрим маҳсулотларни чеклашдан ташқари гипертония билан оғриётган одамлар бўлиб-бўлиб овқатланиши лозим. Кунига 4 маҳал бир вақтда овқатланиш керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter