Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Онкология хавфини камайтиришнинг 9 қоидаси

Онкология хавфини камайтиришнинг 9 қоидаси

Фото: «АИФ»

«АИФ»нинг ёзишича, кўпчилик саратон касалликларидан хавотир олади. Унга дучор бўлмасликнинг турли йўлларини ахтаради.

Тузни меъёрда истеъмол қилинг

Ўзи саратон хавфини, ҳақиқатан, камайтиришга ёрдам берадиган усуллар борми? Албатта, бундай чора-тадбирлар мавжуд. Мана, масалан, Саратонни тадқиқ этиш халқаро жамғармаси саратон хавфини камайтиришга ёрдам берадиган 9 та қоидани таклиф этади. Шунга қарамай, кўпчилик мазкур касалликка қарши ягона мўъжизакор усул ёки воситани излаб топишга уринади. Шунчаки муаммони тўғри баҳолаш ва саратоннинг турли қиёфаларга эга эканлигини ҳамда унга қарши универсал восита йўқлигини англаб етиш даркор.

Ҳозирги кунда хавфли ўсмаларни келтириб чиқарувчи қарийб 200 га яқин омил аниқланган. Улар орасида биринчи ўринда нотўғри овқатланиш туради. Саратон турларининг қарийб учдан бир қисми, аниқроғи, 35%и айнан шу омил билан боғлиқ. Иккинчи ўринда – чекиш туради. У хавфли ўсмаларнинг 30%ига сабабчи. Бир қарашда, тўғри овқатланиш ва чекишни ташлаш орқали саратон хавфини анча-мунчага камайтириш мумкин. Бироқ кўпчилик учун ўз саломатлиги йўлида бу каби қурбонликларни келтириш анча мушкул. Ҳар сафар овқатлангандан сўнг десертга ширинлик истеъмол қилмасликни тасаввурига сиғдира олишмайди, мўл-кўл кўкат ва сабзавотларни ейиш – бемаза, устига-устак, чекишни ташлаш катта муаммо. Чиндан ҳам ёрдам берадиган бу каби оддий қоидаларга амал қилмаслик учун минг бир баҳоналарни ўйлаб топишади. Ахир олимлар аллақачон мураккаб механизмларнинг тагига етишган: қанд саратон ривожланишига олиб келади, кўкат ва сабзавотлар эса бунга тўсқинлик қилади.

Кўпчилик тайёр таомга туз сепмасдан туролмайди. Қуйидаги маълумотлар уларга тааллуқли: биргина туз истеъмолини камайтириш ва кунига 6 граммдан ортиқ туз истеъмол қилмаслик ошқозон саратонининг етти ҳолатидан бирини бартараф этишга қодир. Бу Саратонни тадқиқ этиш халқаро жамғармасининг маълумотларидир. Яна, бу ўпка, ошқозон, мия саратони ҳолатларини қисқартиради. Кўп одамларни даҳшатга солувчи мия саратони айнан шўр таомлар тановул қилиш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу бир қанча тадқиқотларда аниқланган. Сарғиш-қизғиш сабзавотлар, янги балиқ ва дон-дунлар ушбу ўсма хавфини камайтиради.

Эркак ва аёллар

Саратоннинг баъзи бир турларидан сақланиш имкониятини берадиган антиқа усуллар бор. Мана, масалан, балоғат ёшида қизларга кўпроқ карам ейиш тавсия этилади: шунда уларда кўкрак саратони кузатилмайди. 12-13 ёшларда уларда жинсий етилиш юз беради ва кўкраги шаклланади. Карам таркибида эса жинсий гормонлар ишини дастурлайдиган модда бор. Натижада сут бези саратони ривожланиши камаяди. Ушбу саратон жинсий гормонларга боғлиқ. Бироқ карам бутун умр давомида фойдали маҳсулот саналади. Карамни тайёрлаганингизда ва майдалаганингизда унда индол ва изотиоцианатлар – саратонга қарши кучли воситалар ҳосил бўлади. Устига-устак, нафақат оддий карам, балки унинг крестгулли оилалар бўйича қариндошлари – редиска, шолғом, турп ҳам фойдали. Улар нафақат кўкрак саратони, балки гормонга қарам барча ўсмалардан ҳимоя қилади. Эркакларда простата саратони, аёлларда эса бачадон ва тухумдонлар саратони.

Бачадон бўйни саратони эса бошқа табиатга эга – уни айрим одам папиллома вируслари чақиради. Ҳозир унга қарши ишончли профилактика мавжуд – вакцина. Эмлашни, яхшиси, ўсмир қизлардан бошлаш керак. Негаки бу ёшда уларда ҳали ушбу вирус бўлмайди. Вакцинация шарофати билан бу турдаги саратоннинг тарқалиши кескин камайган. Яқинда АҚШда аниқланишича, эмлаш эркакларда томоқ саратонидан ҳам ҳимоя қилар экан – у ерда касалликнинг мазкур тури камайгани қайд этилган. Қизиқ, саратоннинг бу турлари бир-бирига қандай боғлиқ? Томоқ саратонини ҳам одам папиллома вируси чақиради.

Саратонга мойиллик, кичик ёшларда ҳам кузатилиши алоҳида мавзу. Яқин қариндошларида 45 – 50 ёшгача саратон касаллиги аниқланганда шундай ҳолат кузатилади. Улар қариндошларида қайд этилган муайян турдаги саратоннинг олдини олишга ёрдам берадиган 9 та мезонга қўшимча равишда алоҳида қоидаларга амал қилишлари зарур. Лекин бу бошқа масала.

Саратонга қарши 9 қоида

  1. Вазнни меъёрда сақланг. Ортиқча вазн ичак, сут бези, жигар, простата бези саратонларини чақиради.
  2. Жисмоний фаоллик муҳим. Ҳар куни камида ярим соат пиёда юринг ёки бадантарбия билан шуғулланинг.
  3. Юқори калорияли маҳсулотларни емасликка ҳаракат қилинг. Улар таркибида шакар ва/ёки ёғлар мавжуд. Яхшиси, 100 г маҳсулот 125 ккал.дан ортиқ бўлмагани маъқул.
  4. Кўкат, мева-сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилинг. Кунлик минимал миқдор – 400 г мева-сабзавот (картошка эмас).
  5. Қизил гўшт истеъмолини камайтиринг. Яхшиси, ҳафтасига 300 – 500 граммгача қисқартиринг.
  6. Алкоголь қабулини чекланг.
  7. Туз истеъмолини камайтиринг. Кунига 6 граммдан кўпи зарар.
  8. Саратон профилактикасида БАД қабул қилиш керак эмас.
  9. Аёллар гўдакларини эмизишдан бош тортмаслиги лозим. Яхшиси, камида 6 ой давомида болани эмизиш даркор.
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг