Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кунига 10 минг қадам юриш танангизга қандай фойда келтиради?

Кунига 10 минг қадам юриш танангизга қандай фойда келтиради?

Ҳар куни 10 минг қадам юриш сўнгги йилларда бутун дунё бўйлаб оммалашган фитнес мақсадларидан бирига айланди. Гарчи бу кўрсаткич илк бор 1964 йилдаги Токио Олимпиадаси олдидан яратилган педометр (қадамўлчагич) учун маркетинг ғояси сифатида пайдо бўлган бўлса-да, ҳозирги замонавий тадқиқотлар бу одатнинг соғлиқ учун бир қанча ижобий жиҳатларини исботламоқда.

Руҳий саломатликка таъсири

Кунига 10 минг қадам юриш стресс ва безовталикни камайтириб, кайфиятни кўтариши мумкин. Юриш вақтида организмда эндорфин — «бахт гормони» ишлаб чиқарилади. 2022 йилда «Клиник тиббиёт журнали»да чоп этилган таҳлилга кўра, мунтазам юриш депрессия ва хавотир аломатларини камайтиришда самарали экани аниқланган. Шунингдек, 2023 йилда «Alzheimer's & Dementia» журналида эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра, юриш хотира ва ақлий қобилиятларни яхшилайди.

Бўғимлар ва ҳаракат қобилияти учун фойдали

Остеоартритга (бўғимлар шамоллаши) мойил инсонлар учун юриш — оғриқни енгиллаштирувчи ва ҳаракатни тикловчи табиий машқ ҳисобланади. Бу оғир жисмоний машқлардан фарқли ўлароқ, бўғимларга зарар етказмасдан қон айланишни яхшилайди. Олимларнинг таъкидлашича, юриш инсон табиатига хос бўлган ҳаракат бўлиб, у саломатликни сақлашда муҳим ўрин тутади.

Вазн йўқотишда ёрдам беради

Юриш орқали тана калорияни самарали равишда йўқотади. 2022 йилда «Nutrients» журналида эълон қилинган тадқиқот постменопаузал аёллар орасида турли тезликда юриш ёғ қатламини камайтиришга ёрдам берганини кўрсатди. Юришнинг асосий афзаллиги шундаки, у ҳар қандай ёшдаги инсон учун қулай ва кам таъсирли машқ ҳисобланади.

Ўпка фаолиятини яхшилайди

Мунтазам юриш нафас олиш жараёнини енгиллаштиради. «The Times of India»  нашри маълумотларига кўра, юриш ўпка ҳажмини оширади ва нафас олишда кўпроқ кислород қабул қилишга ёрдам беради. Бу нафақат фаолиятни, балки умумий жисмоний чидамлиликни ҳам оширади.

Иммунитет тизимини мустаҳкамлайди

«British Journal of Sports Medicine» журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, кунига 10 минг қадам юрадиган одамлар кам юрадиганларга нисбатан 43 фоиз кам шамоллайдилар. Бу организмдаги иммун ҳужайралар фаоллигининг ошиши ва яллиғланишнинг камайиши билан боғлиқ.

Машқдан сўнг тез тикланишни таъминлайди

Юриш кучли жисмоний машқлардан сўнг мускулларнинг тикланишига ёрдам беради. Қон айланишни яхшилаш орқали танани тезроқ тиклашга хизмат қилади. 2022 йилда «Functional Morphology and Kinesiology»  журналида чоп этилган тадқиқот ҳам шуни тасдиқлайди.

Хулоса

Кунига 10 минг қадам юриш — ҳар қандай ёшдаги инсон учун фойдали одат. У нафақат соғлом тана, балки соғлом руҳ ва уйқуни таъминлайди. Агар сизнинг кун тартибингизда бундай имконият бўлмаса ҳам, имконингиздан келиб чиққан ҳолда ҳар куни камроқ қадам юриб туриш ҳам катта фойда келтиради. Энг асосийси — ҳаракатдан тўхтаманг!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг