Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳаёт учун хавфли маҳсулотлар

Ҳаёт учун хавфли маҳсулотлар

Фото: «Sözcü»

Америка санитария назорат бошқармаси деярли ҳар куни истеъмол қилинадиган ҳаёт учун хатарли маҳсулотлар рўйхатини тузиб чиқди. Туркиянинг «Sözcü» газетаси рўйхатдаги ҳар бир маҳсулотни изоҳлаб берди.

Нашрнинг ёзишича, қуйидаги маҳсулотлар рўйхатга киритилган:

Тухум. Нотўғри пиширилганда сальмонелла бактериялари чақирган инфекциялар манбаига айланиши мумкин. Мутахассислар тухумни совиткичда сақлашни, яхшилаб пиширишни ва янгилигига эътиборли бўлишни маслаҳат беришади. Шунингдек, хом тухум қўшилган таомларни истеъмол қилмасликка чақиради.

Қўзиқорин. Маълумки, айрим қўзиқоринлар шу даражада заҳарлики, одамни ҳалок қилиши ҳеч гап эмас. Заҳарланиш ёки ўлим хавфининг олдини олиш учун маҳсулотни пиширишдан олдин яна бир бор хавфсизлигига ишонч ҳосил қилиш керак.

Брокколи. Организмга ичак таёқчаси каби хавфли бактериялар тушишининг олдини олиш мақсадида яшил сабзавотлар, жумладан, брокколини ҳам яхшилаб ювиш тавсия этилади. Шунингдек, кўкпиёз, исмалоқ ва рукколага ҳам эътиборли бўлиш керак. Ушбу яшил баргли сабзавотлар ҳам инфекция ташувчиси бўлиши мумкин.

Қаҳва. Ушбу ичимликнинг зарари ҳақида жуда кўп гапирилган — у тишларнинг сарғайишига, тана сувсизланишига ва уйқу тартибининг бузилишига олиб келади. Бундан ташқари, терига иссиқ суюқлик тушганда учинчи даражадаги куйишга сабаб бўлиши мумкин. Мақола муаллифлари қаҳва компанияларини судга берган аёлни мисол тариқасида келтирган. У устига қаҳвани тўкиб қўйиб, шифохонага тушиб қолган. Шундан сўнг қаҳва идишларида «Эҳтиёт бўлинг, иссиқ қаҳва» деган ёзув пайдо бўлди.

Тунец. Дунё бўйича энг кўп истеъмол қилинадиган балиқлардан бири бўлишига қарамай, айрим одамлар учун хавфли ҳисобланади. Жумладан, ушбу балиқ она қорнидаги гўдаклар ва болалар учун хатарлидир: кўп миқдорда истеъмол қилинган оқ тунец нерв тизимига салбий таъсир кўрсатади.

Ерёнғоқ. Мақола муаллифлари келтирган маълумотларга кўра, ерёнғоқ озиқ-овқат аллергияси туфайли келиб чиққан ўлимнинг асосий сабабчиларидан бири саналади.

Устрица. Ушбу маҳсулотнинг ҳам тайёрланиш жараёнини назорат қилиш керак. Устрица сув ҳавзалари ифлослиги туфайли инфекция ташувчисига айланади. Улар сув тубида яшаб, планктонлар билан озиқланади ва бактерияларга «тўйинади».

Сосиска. Тадқиқот натижаларига кўра, овқатланиш вақтида 10 ёшгача бўлган болалар орасида бўғилиш хуружларининг 20 фоизи айнан сосискалар туфайли келиб чиқади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг