Ҳар қандай «iPhone»нинг янги ёки қайта тикланган эканини осонгина аниқлаймиз!
«Apple» корпорациясининг барча маҳсулотлари қатори, смартфонлари ҳам анчагина пухта, аммо барибир уларнинг орасида ҳам нуқсонлилари учраб туради. Шу каби қурилмаларни қайтариб олган корпорация одатда уларни қайта тиклаб, яна бозорга чиқаради.
Хўш, янги деб сотилаётган айфоннинг ҳақиқатан ҳам яп-янги ёки қайта тикланган смартфон эканини аниқлашни биласизми? «Терабайт» нашри бунинг энг осон йўлини тавсия қилди.
1-ҚАДАМ. Айфондаги «Созламалар» менюсидаги «Асосийлари»га, ундан эса «Бу қурилма ҳақида» бандига кирасиз («Настройки» → «Основные» → «Об этом устройстве»).
2-ҚАДАМ. Саҳифанинг пастроғига – «Модель» бандига тушасиз ва ундаги модел рақамини кўрасиз.
3-ҚАДАМ. Айни шу ерда – модел рақамидаги биринчи ҳарфга эътибор қаратасиз. Бу ҳарф мазкур «iPhone»нинг қуйидагилардан қай бирига мансублигини ифодалайди:
- M – яп-янги «iPhone».
- F – қайта тикланган айфон.
- N – ишлаб чиқаришдаги нуқсон туфайли «Apple»га қайтарилиб, созлаб қайтадан чиқарилган «iPhone». Бу тоифа ҳам расман қайта тикланган айфон ҳисобланади.
- P – «Apple» томонидан махсус, такрорланмас гравировка туширилган «iPhone».
Таъкидлаш керакки, модел рақами – ҳеч қанақасига ўзгартириб бўлмайдиган кўрсаткич ҳисобланади. Шу боис ҳам, ўзингиз ишлатаётган ёки энди харид қилмоқчи бўлган «iPhone»нинг юқоридаги тоифалардан қай бирига мансублигини, албатта шу усулда текшириб кўришни тавсия этамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter