Болани математикага қандай қизиқтириш керак?
Болаларда математика фанига қизиқишни қандай уйғотиш мумкин? «Journalok.ru» сайтининг ёзишича, бунинг олти усули бор.
Асосий математика қонуниятларини билиш бугун деярли ҳамма учун керак. Кўп касблар бевосита математика билан боғлиқ: молия, компьютер технологиялари, инженерия ва бошқалар. Шунинг учун ҳам, гарчи бу осон бўлмаса-да, фарзандларимизга «фанларнинг шоҳи»ни ўргатиш жуда муҳим.
1. Конструктор
Болада математикага илк қизиқиш конструктор йиғиш жараёнида пайдо бўлади деган фикрга аксарият ота-оналар қўшилишса керак. Айниқса, «Lego» тоифасидаги йиғма ўйинчоқларни болалар яхши кўришади. «Lego» уларга қандай қилиб кичкина қисмлардан катта ва мураккаб қурилмаларни ясаш мумкинлигини тушуниб олишда кўмаклашади.
2. Оригами санъати
Бир буюк математик мактаб даврида ота-онаси уни оригами тўгарагига олиб боришганидан сўнг геометрияга қизиқиб қолганини айтганди. Чиндан ҳам бу қадимий санъат геометриянинг аксарият теоремаларини ўзида мужассамлаштирган, қоғоздан турли-туман шаклларни ясаш асносида болада геометрияга қизиқиш ошиб боради.
3. Стратегик ўйинлар
Болада таҳлил ва мантиқий фикрлашни ривожлантиришда стратегия жанридаги ўйинларнинг ўрни катта. Масалан, хитойликларнинг го ўйини. Го Жаҳон интеллектуал ўйинларининг беш асосий ўйинидан бири саналади. Го қоидалари жуда оддий: оқ ва қора тошларда ўйналади — ўйиндан мақсад тахтадаги кўпроқ майдонни эгаллаш ва ўраб олиш.
4. Аниқ ҳисоблаш билан боғлиқ бўлмаган топшириқлар
Болага унда тасаввур пайдо бўлиши ва у тахминлар қилиши мумкин бўлган саволлар бериш тавсия қилинади. Масалан: «Ҳовуз сувга тўлиши учун қанча вақт кетиши мумкин?»
Бунга ўхшаш саволлар ҳам қизиқиш уйғотиш бараварида математик қобилиятлар ривожланишини рағбатлантиради. Табиийки, бола аниқ жавобни билмайди, бироқ барча жиҳатларни (ҳовузнинг майдони, сувнинг тезлиги, қувурнинг кенглиги) ҳисобга олиб, ҳар хил тахминларни илгари суради.
5. Мусиқа
Олимлар ва педагогларнинг фикрича, мусиқа ва математика чамбарчас боғлиқ тушунчалар. Кўпинча математикани ва мусиқани ўрганиш учун бир хил қобилият ва кўникмалар бўлиши талаб қилинади.
6. Шахмат
Маълумки, шахмат таҳлилий қобилиятни энг яхши ривожлантирувчи ўйин саналади. Шунинг учун ҳам ота-оналар фарзандларини шахмат тўгаракларига беришгани маъқул. Балки профессионал шахматчи бўлмас, лекин орттирган кўникмалари келгусида қўл келиши аниқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter