8-9 ноябрь кунлари пойтахт марказида юк ташувчи машиналарнинг ҳаракатланиши тўлиқ тўхтатилади
8 ва 9 ноябрь кунлари Тошкентда “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти”нинг 16-саммити ўтказилади. Шу сабабли пойтахтга юк ташувчи транспорт воситаларининг кириши қисман чекланади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар қилди.
“Ҳурматли юртдошлар, саммит доирасида белгиланадиган вақтинчалик чекловлар сабабли Водийдан Воҳага ҳамда Воҳадан Водийга ҳаракатланиш 4П-12 автомагистрал йўли орқали амалга оширилишини маълум қиламиз”, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, саммит ўтказиладиган кунлари юк ташувчи транспорт воситаларининг пойтахт марказида ҳаракатланиши тўлиқ тўхтатилади.
Бундан ташқари, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитини юқори савияда ўтказиш мақсадида 8 ноябрдан 10 ноябргача Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида ҳаракатланиш чекланади. Жумладан:
- Ислом Каримов номидаги аеропорт майдонидан Бобур кўчаси бўйлаб Бобур – Шота Руставели чорраҳасигача;
- Нукус – Бобур чорраҳасидан Нукус кўчаси бўйлаб Мовароуннаҳр кўчасигача;
- Ойбек – Туркистон чорраҳасидан Ойбек, Афросиёб ва Олмазор кўчалари;
- Ислом Каримов – Бунёдкор чорраҳасидан Ислом Каримов кўчаси бўйлаб Амир Темур – Ислом Каримов чорраҳасигача;
- Шароф Рашидов - Афросиёб чорраҳасидан Шароф Рашидов кўчаси бўйлаб Кичик ҳалқа айланма йўлигача;
- Навоий – Мустақиллик чорраҳасидан Навоий – Лабзак чорраҳасигача;
- Фурқат – Бешёғоч чорраҳасидан Бешёғоч кўчаси бўйлаб Ислом Каримов – Бешёғоч чорраҳасигача;
- Олмазор – Ислом Каримов чорраҳасидан Олмазор кўчаси бўйлаб Навоий кўчасигача.
“Ҳурматли ҳайдовчилар, шу кунлардан йўлларда тирбандликларни олдини олиш мақсадида айланма йўллардан фойдаланишни тавсия қиламиз”, дейилади хабарда.
Тошкент шаҳар ИИББ ҳаракатланиш чекланган кўчаларда Тез-тиббий ёрдам, фавқулодда вазиятлар бўлинмалари транспорт воситаларига истисно тариқасида ҳаракатланиш учун рухсат берилишини эслатган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter