Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ёнғин хавфсизлиги аълочиси» танлови ғолиби фаолияти 2 йил текширилмайди – Ҳукумат қарори

«Ёнғин хавфсизлиги аълочиси» танлови ғолиби фаолияти 2 йил текширилмайди – Ҳукумат қарори

Ҳукуматнинг 620-сонли қарори билан «Ёнғин хавфсизлиги аълочиси» танлови 2024 йилдан бошлаб ҳар йили октябрь-декабрь ойларида ёнғин чиқиш хавфи бўйича I ва II гуруҳга мансуб объектларга эга тадбиркорлик субъектлари ўртасида навбат билан йиллар кетма-кетлигида ўтказилади.

«Ёнғиндан огоҳлик» умуммиллий кампанияси доирасида ўтказиладиган танловда иштирок этиш учун аризалар ФФВнинг махсус электрон ахборот тизими орқали қабул қилинади. Танлов ғолиби талабгорларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб беришини ўрганиш орқали аниқланади.

Танловда иштирок этиш учун тақдим этилган объектда сўнгги 12 ой давомида ёнғин содир бўлган ва (ёки) тадбиркорлик субъектига ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилишини бартараф этиш тўғрисида давлат ёнғин назорати органининг ёзма кўрсатмаси ёхуд объект ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулосаси берилган тақдирда, тадбиркорлик субъектининг танловда иштирок этиш учун аризаси қабул қилинмайди.

Ҳужжатга мувофиқ танлов ғолибига 100 млн сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилиши ҳамда унинг фаолияти икки йил давомида давлат ёнғин назорати органлари томонидан текширилмайди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар даражасидаги саралаш тадбирларида ҳамда танловда иккинчи ва учинчи ўринни олган иштирокчилар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан қонунчиликда тақиқланмаган манбалар ҳисобидан қўшимча рағбатлантирилиши мумкин.

Танловни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши назарда тутилган. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг