«Яшил макон»даги қўшиб ёзишга алоқадор 29 мансабдор жавобгарликликка тортилади – Бош прокуратура
Бош прокуратура «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар аҳволи жойларга чиққан ҳолда ўрганилаётганини маълум қилди.
Ўрганиш давомида лойиҳа доирасида қўшиб ёзишларга йўл қўйилганлик ҳолати ҳам аниқланган.
Мисол учун, Қорақалпоғистонда кўчатлар суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ҳудудларга экилиши ҳамда масъулларнинг эътиборсизлиги натижасида жами 333,1 минг туп кўчатлар нобуд бўлишига йўл қўйилгани, бажарилган ишлар ҳажмига электрон платформа орқали амалда экилмаган жами 136,1 минг туп кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилган.
Тошкент вилояти Оҳангарон туманида эса ободонлаштириш хизмати томонидан жамоат жойларида 127,5 минг туп кўчат экилгани қайд этилсада, амалда кўчатларнинг аксарияти (90 фоизи) қайта экиш учун мўлжалланган питомниклардаги қаламчалар бўлиб, марказий кўчаларга экилган кўчатларнинг 30 фоизи суғорилмаганлиги ва агротехник тадбирлар амалга оширилмаганлиги натижаси қуриб, ўсувчанлик қобилиятини йўқотган.
Шу каби, Сирдарё вилоятида жами 1355 туп дарахт кўчатлари, Хоразм вилояти Тупроққалъа туманида экилган 3,5 минг туп кўчатларнинг ярмидан кўпи қаровсизлик оқибатида нобуд бўлган.
Шу билан бирга, жойларда масъуллар томонидан амалда экилмаган кўчатларни ҳисоботларда қўшиб кўрсатиш билан бирга, кўчат экилиши учун ажратилган маблағлар талон торож қилинмоқда. Масалан, Навоий вилояти Учқудуқ туманида 2435 туп амалда экилмаган кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилиб, бюджетдан ажратилган маблағлар ободонлаштириш тизими ходимлари томонидан ўзлаштирилган.
Бош прокуратура, юқоридаги ҳолатлар сабабли, барча ҳудудларда жорий йилнинг баҳор ойида маҳаллий бюджетлар ҳисобидан умуммиллий лойиҳа учун ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан текширишлар ўтказиляпти.
Ҳозирда ушбу ҳолатларга йўл қўйиб, масъулиятсизлик қилган 29 нафар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва идоралар раҳбарларининг қонунчиликда белгиланган жавобгарлик масаласи ҳал этилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter