Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 6 ойдан сўнг кучга киради
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 6 ойдан сўнг кучга киради. Бу ҳақда «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонунда белгилаб қўйилган.
Қайд этилишича, аввалги Кодексдан тубдан фарқ қиладиган мазкур ҳужжатда меҳнат бозоридаги барча иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилган. Хусусан,
Ходимлар учун:
- Ишга қабул қилиш босқичлари, жумладан, ишга кириш тартиблари белгилаб олинмоқда;
- Айрим тоифадаги ходимлар (раҳбарлар, бош бухгалтерлар) учун синов муддати 3 ойдан 6 ойгача узайтирилмоқда;
- «Ходимнинг пенсия ёшига етганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш» асоси чиқариб ташланмоқда;
- Ишдан бўшатиш нафақасини иш берувчида ишлаган иш стажига қараб дифференциациялашган миқдори белгиланмоқда;
- Ходимларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилишга бағишланган нормалар киритилмоқда;
- Дам олиш кунини давлат байрамлари (ишланмайдиган байрам кунлари) кунларига тўғри келган тақдирда кўчириш қоидаси киритилмоқда;
- Меҳнат таътилининг минимал давомийлиги календарь кунларда (15 иш куни ўрнига 21 календарь куни) белгиланмоқда.
Иш берувчилар учун:
- Муддатли меҳнат шартномасини тузиш асослари сезиларли даражада кенгайтирилмоқда;
- Муддатли меҳнат шартномаси муддати бир марталик узайтириш ҳуқуқи билан 5 йилдан 3 йилгача қисқартирилмоқда;
- Ходимни бошқа иш берувчига хизмат сафарига юбориш тартиби белгиланмоқда;
- Иш берувчи томонидан иш вақти режимининг турли хил вариантларини белгилаш механизми жорий этилмоқда;
- Иш берувчи томонидан хизмат текширувларини ўтказиш ва ишдан четлаштириш тартибга солинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун кучга кириши билан 1995 йилда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонун ўз кучини йўқотади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter