Хўжайлида «комиссия учун» ўқитувчилардан пул йиққан директор ишдан бўшатилди
Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманидаги 21-сонли умумтаълим мактаби директори П.А. ўзи Тошкент шаҳрида бўла туриб, «комиссия учун» деган важ билан ўқитувчи ва техник ходимлардан 20 минг сўмдан пул йиғдиргани ҳақида хабар тарқалди.
Хўжайли тумани прокуратурасининг мазкур ҳолат юзасидан олиб борган ўрганишларида аниқланишича, ҳақиқатда жорий йилнинг 10 февраль куни 21-мактабнинг директори П.А. нинг топшириғига асосан, мактаб ўқитувчиси Д.Р. томонидан 16 нафар ўқитувчидан 320 минг сўм йиғиб олинган ва директорга берилган. Директор П.А. нинг ўзи эса 18 нафар ўқитувчидан 360 минг сўм йиғиб олиб, жами 680 минг сўм пул йиғилган.
Мактаб директори П.А. ўз кўрсатмасида ушбу пуллар мактабдаги баннерларни янгисига алмаштириш учун йиғилганини, йиғилган пуллар амалда ҳеч қаерга ишлатилмасдан, ўқитувчиларга яна қайтариб берилганини баён қилиб ўтган.
Бир гуруҳ ўқитувчилар пулларни йиғилиш сабаблари ҳақида П.А. берган кўрсатмаларни тасдиқлашган, бир гуруҳи эса йиғилган пуллар келган комиссияни тушликда овқатлантириш баҳонасида йиғилганлигини баён қилишган.
2023 йил 24 феврал кунии П.А. ўз ихтиёри билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган ва шунга асосан лавозимидан озод қилинган.
Ҳозирда терговга қадар текширув давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter