Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Вагонда унутиб қолдирилган буюм метро ҳаракатида узилишга сабаб бўлди

Вагонда унутиб қолдирилган буюм метро ҳаракатида узилишга сабаб бўлди

Алишер Навоий метро бекати

Фото: Xabar.uz

Бугун, 3 ноябрь куни Тошкент метросининг Алишер Навоий бекатида йўловчилар навбатдаги поездни 11 дақиқадан кўпроқ вақт кутиб қолишган. Бу ҳақдатда Tashkent_land телеграм-канали обуначиси юборган маълумотга таяниб хабар берган.

Эрталабги соат 8-9 ораси тиғиз вақт ҳисобланиб, йўловчиларнинг энг йирик оқими кузатилади. Шу боис ҳам одатда бу пайтда поездлар жуда кичик оралиқ фарқ билан ҳаракатланади.

Интервал узайиши метро станциясида йўловчилар тўпланиб қолишига сабаб бўлиши, навбатдаги поезд келганда ҳамма бир вақтда вагонларга интилиши кутилмаган кўнгилсизликларга сабаб бўлиши мумкин. Айниқса бу ҳолат метронинг бир йўналишидан иккинчисига алмашиниладиган бекатларда юз бериши янада хавотирли. Тошкент метросининг Алишер Навоий бекати эса Чилонзор ва Ўзбекистон йўналишларини боғловчи ана шундай бекатлардан биридир.

Фото: Tashkent_land телеграм-канали

Маълум бўлишича, муаммога “Беруний” бекатига етиб борган поезд айланма йўлга киришидан олдин метрополитен ходимлари томонидан текширилганда, вагонлардан бирида назоратсиз буюм топилгани сабаб бўлган.

“Йўловчилар ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, белгиланган йўриқномага асосан, ушбу поезд текширув йўлагига юборилган. Текширув давомида ушбу назоратсиз буюм йўловчилардан бирининг шахсий қўл юки эканлиги аниқланган. Бунинг натижасида эса йўналишдаги поездлар белгиланган жадвалдан бир муддат кечиккан ҳолда ҳаракатланган”, дейилади “Toshkent metropoliteni” ДУК матбуот хизмати томонидан эълон қилинган баёнотда.

“Toshkent metropoliteni” ДУК поездлар белгиланган жадвалга асосан ҳаракатланиши учун йўловчилардан метро хизматидан фойдаланишда ўз шахсий буюмларига эътиборли бўлишларини сўраган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг