Уйдаги итларни ҳам ИИВ кинология бўлинмаларида «ўқитиш» мумкин бўлади
Ички ишлар органлари кинология бўлинмаларида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли итларни умумий бўйсунувчанлик, ҳимоя-қоровул кўникмаларига тайёрлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлашга доир ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.
Унга кўра, келгусида кинология бўлинмаларида шартнома асосида ҳақ эвазига жами 21 номдаги ит зотларини умумий бўйсунувчанлик ҳамда ҳимоя-қоровул кўникмаларига тайёрлаш бўйича хизмат кўрсатилади.
Итлар умумий бўйсунувчанлик ва ҳимоя-қоровул кўникмаларини эгаллаши учун икки ойлик тайёрлаш курсида қатнашиши керак бўлади.
Бунда итни бошқариш, йўналтириш ва уларга бирор ҳолатни қабул қилиши учун зарур бўлган умумий бўйсунувчанлик кўникмалари (масалан, «Қайт», «Олдимга» каби) ҳамда ҳимоя-қоровул кўникмалари ўргатилади.
Кинология бўлинмаларига буюртмачига тегишли итларни қабул қилишда клиник соғломлиги ва тайёрлаш учун саккиз ойдан ошгани эътиборга олинади. Ветеринария хулосаси билан белгиланган тартибда тест синовидан ўтказилади.
Буюртмачиларга кўрсатиладиган пулли хизматлар нархлари бозор конъюнктураси ҳисобга олиниб, шартнома асосида эркин белгиланади.
Кинология бўлинмалари томонидан хизматларни кўрсатишдан тушадиган маблағлар ички ишлар органларининг ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади ҳамда белгиланган тартибда кинология бўлинмаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ходимларни моддий рағбатлантириш учун сарфланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter