Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Учта вилоятда ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ жиноятлар фош қилинди

Учта вилоятда ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ жиноятлар фош қилинди

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Учкўприк туманида яшовчи, 1968 йилда туғилган шахс ўзганинг текстил маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган МЧЖга қарашли, Фарғона шаҳридаги акциядорлик тижорат банкларидан бирида гаровда турган 12 сотих ер майдонини 130 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 109 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Хизматнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса Ургут туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган фуқаро тумандаги ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг суғориладиган ер майдонидан 50 сотихини 80 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, кадастр идораларидаги танишлари орқали ҳужжатларини расмийлаштириб беришини айтиб, келишилган пул маблағидан 30 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Хизматнинг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Қарши тумани ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари чорвачилик йўналишида фойдаланиш мақсадида фуқарога туман ҳокимлиги захирасидаги 25 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг