Тошкентда йилига 21,2 млрд сўмни «эконом» қиладиган транспорт йўлаклари ташкил этилади

Транспорт вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида «Тошкент – Кам углеродли автотранспортга инвестициялар жалб этишни жадаллаштириш (TAILEV)» лойиҳаси доирасида «Яшил шаҳар» транспорт йўлагининг тақдимоти бўлиб ўтди.
TAILEV лойиҳаси Президентнинг 2023 йил 16 февралдаги ПҚ–59-сон қарорида белгилаб берилган 2025 йилгача Тошкент шаҳри бўйича жамоат транспорти доимий ҳаракатланадиган умумий узунлиги 475 км бўлган 36 та алоҳида автобус йўлакларини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва автобус йўлакларини хавфсиз ҳамда самарали жорий этишга кўмаклашишни назарда тутади.
Мазкур лойиҳа доирасида пойтахтнинг Шота Руставели кўчасида жорий этилиши режалаштирилган яшил транспорт йўлагининг концепт-дизайни, математик модели ва уни асосида техник иқтисодий асослари ишлаб чиқилди.
Ушбу йўлак лойиҳасини ишлаб чиқишда йўловчи ва аҳолини фикри ўрганилиб, ногиронлиги бўлган шахслар, қариялар, болалар ва аёлларнинг жамоат транспорти инфратузилмасига бўлган эҳтиёжлари инобатга олинган.
Техник-иқтисодий асосларга кўра мазкур йўлакни жорий этилиши натижасида йўлак бўйлаб автотранспортнинг ўртача тезлиги 11 фоизга ошиши, атмосфера ҳавоси ифлосланиши 12,3 фоизга қисқаришига эришилиши ҳисоблаб чиқилди.
Шунингдек, бир кунда йўлак бўйлаб автобусда ҳаракатланадиган барча йўловчилар ҳамда шахсий транспорт эгаларининг тежалган умумий вақти 3 318 соатни, тежалган ёқилғи йилига 2,6 миллион литрни ташкил этиб, бу йилига 21,2 миллиард сўм иқтисодий самарага олиб келиши ҳақида маълумот берилди.
Ишлаб чиқилган лойиҳалар ва техник-иқтисодий асослар Тошкент шаҳар ҳокимлигига киритилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter