Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда ўқувчи ўз синфдоши томонидан пичоқлангани айтилганди. Расмий муносабат берилди

Тошкентда ўқувчи ўз синфдоши томонидан пичоқлангани айтилганди. Расмий муносабат берилди

Жорий йилнинг 13 октябрида ижтимоий тармоқ саҳифаларида Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 178-мактаб 9-синфи ўқувчилардан бирининг синфдошлар орасидаги пичоқбозлик ортидан жароҳатлангани ва бунга масъулларнинг эътибор бермаётгани айтилган хабар тарқалди.

Жабрланган ўқувчининг онаси ўз саҳифасида воқеа шу йилнинг 9 октябрида содир бўлгани ва ўғлини синфдоши пичоқ билан жароҳатлаганини айтади.

«Ярадор ўғлимни 16-шаҳар касалхонасига олиб бордим, у ерда 4 та чок қўйди. Касалхона маъмурияти ИИБга бу ҳақда хабар бермади. Мактабига ҳам бордим ва директор номига ариза ёзиб, ИИБни огоҳлантириши кераклигини сўрадим. Аммо мактаб директори ҳам ИИО ходимларига хабар бермади. Ниҳоят, учинчи куни ўзим Тошкент шаҳар ИИББга бордим ва содир бўлган воқеа юзасидан иш очилмаганини билиб, ариза ёздим», – дейди у.

Жабрланувчи томоннинг ёзишича, ҳозир ўсмир йигит тиббий кўрикдан ўтган, ҳолат бўйича «иш» очилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳам расмий муносабат билдирди.

Бошқарманинг аниқлик киритишича, жорий йил 9 октябр куни 178-мактаб 9-синф ўқувчилари С.А. ҳамда Ч.Н. (жабрланувчи, -таҳр.) ўз вақтида дарсга кирмасдан соат тахминан 10 ларда кечикиб мактабга кирган. Уларни ҳовлида мактаб директори қарши олган. Сабаби сўралганида ўқувчилардан бири С.А. синфдоши Ч.Н. уйида пичоқ билан қўлини кесиб олгани, аптекадан спирт ва бинт олиб унинг қўлини боғлашганини айтган. Мактаб директори Ч.Н. ни тиббиёт хонасига олиб кириб, қўлидаги жароҳатни қайта боғлатишини тайинлаган. Сўнгра 9-синф раҳбари М.Э. орқали ўқувчи Ч.Н. нинг онаси Э.И. мактабга чақиртирилган.

«Аммо юқоридаги кўнгилсизлик мактаб ҳудудида содир этилмаган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Чилонзор туман ИИО ФМБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда», – дейилади расмий муносабатда.

Шунингдек, мазкур ҳолат тўлиқ Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси назоратига олингани ва якуний хулоса ҳақида хабар қилиниши айтилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг