Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда ўқитувчи ўқувчисининг оила аъзолари томонидан калтакланди

Тошкентда ўқитувчи ўқувчисининг оила аъзолари томонидан калтакланди

Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги 62-сонли мактабнинг информатика фани ўқитувчиси 8 июнь куни мактаб ўқувчиси ва унинг оила аъзолари томонидан калтакланди.

Жанжал оқибатида жароҳатланган ўқитувчи «тез ёрдам» машинасида шифохонага олиб кетилган.

Қайд этилишича, келишмовчилик дастлаб ўқувчиларнинг ўқитувчига қилган беҳурматлиги оқибатида юзага келган. Жумладан, шу йилнинг 8 июнь куни информатика фани ўқитувчиси С.Б. тахминан соат 16:00 ларда мактаб олдидаги дўкондан сув олиб уйига кетаётган вақтида шу мактабнинг 9-синф ўқувчилари томонидан уятсиз сўзлар билан ҳақоратланган. Ўқитувчи эса ўқувчилар олдига келган ва ҳақоратлаган ўқувчини тартибга чақириш мақсадида уни мактаб биноси ичига олиб кирган. Мактаб биносида ўтган суҳбатда С.Б. ўқувчининг бўйин соҳаси орқа томонидан ушлаб тартибга чақирган, тинчлантирмоқчи бўлган.

Ўқувчи С.С. эса воқеадан кейин уйига бориб, акаси, яъни шу мактабнинг 10-синф ўқувчиси С.С.ни чақириб келади. Ака-ука мактабга келаркан, у ерда бўлиб турган ўқитувчини ура кетган. Оқибатда, ўқитувчи юз қисмидан тан жароҳатлари олган.

Аммо келишмовчилик шу билан тугамаган. Воқеадан бироз ўтиб, ўқувчиларнинг жанжалдан хабар топган ота-онаси ҳам мактабга келади ва ўқитувчини ҳақоратлаб, мактаб мулки бўлган эшик ойналарини синдириб ташлайди.

Воқеа юз берган вақтда ўқитувчилар томонидан тез ёрдам чақиртирилиб, ёрдам кўрсатиш мақсадида ўқитувчи С.Б. 16-марказий касалхонага олиб кетилган.

Ҳолатга Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова муносабат билдирди. Жумладан, вазирлик матбуот хизматининг вазир муносабати, дея тақдим этган изоҳида айтилишича, айни пайтда ҳолат юзасидан ИИБ суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг