Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда она ва бола фирибгарни «самосуд» қилиб, омборга қамаб қўйди

Тошкентда она ва бола фирибгарни «самосуд» қилиб, омборга қамаб қўйди

Тошкент шаҳар Миробод туманида она ва бола 39 ёшли эркакни «самосуд» қилиб, қўлларини боғлаган ҳолда омборга қамаб қўйилгани аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ маълумот қилди.

Маълум қилинишича, ушбу шахс хонадон эгаларига бундан 2 йил илгари Республика кадастр агентлигида ишловчи таниши орқали уларнинг уйига кадастр ҳужжатларини тўғрилаб беришини айтиб, 1000 доллар олган. Аммо у шу кунгача ҳужжатларни ҳам қилиб бермаган, пулни ҳам қайтармаган.

Ушбу эркакдан пулларни қайтариб олиш мақсадида она ва ўғил уни уйга чақирган ҳамда чап елкасига пичоқ билан жароҳат етказган. Аёл уни темир арматура билан ҳам урган. Шундан сўнг она ва ўғил эркакни уй ертўласига олиб тушиб, оёқ-қўлларини скотч ва сим ёрдамида боғлаб ташлаган. Жабрланувчининг айтишича, у бир кеча шу ҳолатда қолдирган.

Она ва ўғил эркак пулларни қайтарсагина уни қўйиб юборишларини айтишган. Шундан сўнг уй эгалари уни турмуш ўртоғига қўнғироқ қилдиришган. Жабрланувчининг рафиқаси 300 доллар ва 700 долларга тенг бир жуфт тилла зирак ҳамда бир дона тилла узукни олиб келиб бергач, эркак қўйиб юборилган.

Эркак орадан 18 кун ўтгач бу воқеа ҳақида ички ишлар органларига хабар берган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси ҳамда 138-моддасининг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Эркакнинг хатти-ҳаракатларида ҳам Жиноят кодексининг 168-моддаси ҳамда 211-моддасида кўрсатилган жиноят аломатлари борлиги аниқланиб, унга нисбатан айблов эълон қилинган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан тегишли тартибда айблов хулосаси тасдиқланиб, жиноят ишлари бўйича Миробод туман судига юборилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг