Тошкентда 350 млн сўмлик пиротехника воситаси мусодара қилинди
Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси томонидан ДХХ ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Жараёнда аввалдан кузатувга олинган шахс 108 дона мушакни қабул қилиб, ўзи бошқарувидаги Spark машинасига юклаётган вақтида тўхтатиб қолинган.
Тезкор тадбир пойтахтнинг Юнусобод туманида давом эттирилган: фуқаронинг хонадони кўздан кечирилганида бу ерда ҳам 12 номдаги 1382 дона мушак сақланаётгани аниқланган. Суриштирувлар давомида маълум бўлишича, қонунбузар шахс пиротехника воситаларини асосан электрон тижорат платформалари орқали мижозларга пуллаб келган.
«Мазкур ҳолатда қиймати 350 млн сўмлик жами 1490 дона пиротехника воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда», дейилади хабарда.
Маълумот учун, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида божхона органлари томонидан аниқланган 85 та ҳолатда қиймати салкам 2,2 млрд сўмлик 1 млн 951 минг дона пиротехника воситасининг ноқонуний олиб кирилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter