Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент шаҳри ва яна икки вилоят истеъмолчилари белгиланган иссиқлик таъминотини ололмаяпти – вазирлик

Тошкент шаҳри ва яна икки вилоят истеъмолчилари белгиланган иссиқлик таъминотини ололмаяпти – вазирлик

Сўнгги кунларда Республика ҳудудларида электр таъминотида узилишлар ёки газ босимининг пастлиги кузатилмоқда. Бу эса иситиш сифатига ҳам таъсир қилган.

Уй-жой хизмат кўрсатиш вазирлиги берган маълумотга кўра, тизимдаги қозонхоналар жами 495 тани ташкил қилади. 492 таси мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда иш фаолиятини давом эттирмоқда. Тошкент, Хоразм ва Фарғона вилоятларида жойлашган 21 та қозонхонада газ босимининг меъёрида бўлмаганлиги боис истеъмолчилар белгиланган параметрлардан паст кўрсаткичда иссиқ сув ва иссиқлик энергияси билан таъминланишига сабаб бўлмоқда. Газ босими меъёрида бўлмаганлиги туфайли 3 та қозонхонани вақтинча ўчиришга тўғри келган.

Албатта, бу ҳолатда иссиқлик таъминоти учун масъул ташкилотлар вазиятни яхшилаш ва фавқулодда ҳолатларни олдини олиш учун ўзаро ҳамкорликда ишламоқда. Мутахассислар муаммоли ҳудудларни аниқлаш учун жойларга бориб, иссиқлик энергиясини қайта тақсимлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириб бормоқда.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида ҳам иссиқлик энергияси «Тошкент Иссиқлик маркази», «Тошкент ИЭС»  ва «Veolia Energy Tashkent»нинг маҳаллий қозонхоналарида табиий газдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилади.

«Пойтахтнинг Иссиқлик маркази – 3, 5 ва 9 қозонхоналари фаолиятида ҳам юқоридаги ҳолат кузатилмоқда. Ушбу иссиқлик марказларидан Шайхонтоҳур, Чилонзор ва Учтепа туманлари аҳолиси ва ижтимоий обектларига иссиқлик энергияси етказиб берилади. 

Мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тизимли чоралар кўрилаётганини маълум қиламиз», – дейилади вазирлик маълумотида.

Вазирликнинг эслатишича, газ босимининг етарли эмаслиги қозонхоналарнинг автоматик тарзда ўчишига сабаб бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг