«Ташаббусли бюджет»нинг муқобили – «Менинг йўлим» лойиҳасига старт берилди
«Ташаббусли бюджет»нинг муқобили – «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўлларни таъмирлашга йўналтирилган «Менинг йўлим» лойиҳасига 17 апрелдан старт берилди.
Ҳукуматнинг 2022 йил 2 февралдаги 49-сонли қарорига асосан туман ва шаҳарлар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи мазкур тизим орқали йўналтирилади ва бу «Ташаббусли бюджет» жараёнларидан фарқли ўлароқ бир йилда бир марта ўтказилади.
Ушбу жараёнлар бевосита «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали амалга оширилади бунда, ахборот порталига ички йўлларнинг жойлашган манзили (геопозицияси), тўлиқ номлари, узунлиги, ҳолати (асфалтланган, таъмирталаб) ва бошқа маълумотлари тўлиқ киритилади ҳамда фуқаролар ички йўллар реестридан геомаълумотлар асосида тегишли ички йўлни танлаш орқали ўз таклифларини қолдириш имкониятига эга бўлади.
Туман (шаҳар) бюджети параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратилган маблағларнинг камида 50 фоизи «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўлларни таъмирлаш учун йўналтирилади.
Ахборот портали автоматик равишда таъмирлашга доир ўртача нархни ва туман (шаҳар) бюджети параметрларидан келиб чиқиб, ҳар бир туман (шаҳар) бўйича таъмирланадиган ички йўлларнинг умумий ҳажмини аниқлайди.
Ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида ички йўлларни таъмирлашда таклифларни шакллантириш тартиби қуйидагича:
- ахборот портали орқали жамоатчилик фикри бевосита фуқаролар томонидан билдирилган таклифлар асосида шакллантирилади;
- ахборот портали орқали таклифларни юбориш ҳамда овоз бериш жараёнида фақатгина вояга етган фуқаролар иштирок этишлари мумкин;
- фуқаролар ҳар йили ички йўлларни таъмирлашга фақат битта таклифни илгари суриши ҳамда битта таклифга овоз бериши мумкин. Фуқаролар ўзлари томонидан киритилган таклифга овоз бериши тақиқланади;
- ички йўлларни таъмирлашга доир таклифлар киритиш фуқаролар томонидан ахборот порталида тақдим этилган Ички йўллар реестридаги тегишли ички йўллардан бирини танлаш орқали амалга оширилади;
- ахборот портали орқали таклиф киритиш бевосита порталда рўйхатдан ўтиш орқали амалга оширилади;
- ҳар бир туман ва шаҳарларда билдирилган таклифлар бўйича берилган энг кўп овозлар сонидан келиб чиқиб, юқоридан пастга қараб сараланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter