Табиий ва суюлтирилган газ таъминоти тизими хусусий операторларга топширилади – лойиҳа
Истеъмолчиларга табиий ва суюлтирилган газни етказиб беришда монополияни бекор қилиш, соҳага хусусий секторни жалб қилиш, энергия ресурсларининг бозор тамойилларини жорий этиш ва ресурсларнинг ҳисоб-китобини аниқ юритишни йўлга қўйиш, модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш учун хусусий инвестицияларни жалб этиш мақсадида Президентнинг тегишли қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Унга кўра, Энергетика вазирлиги табиий ва суюлтирилган газ тақсимлаш тармоқларини хусусий секторга ўтказиш тартибини (низом) ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди.
Ишлаб чиқилган тартиб асосида табиий газ тақсимоти тизими 2024-2025 йилларда хусусий секторга ўтказиладиган пилот ҳудудларни аниқлайди. Ушбу ҳудудлардаги тизимни хусусий секторга ўтказиш юзасидан салоҳиятли компаниялар билан ўтказиладиган музокаралар натижаси бўйича аниқ шартлар асосида газ тақсимлаш тармоқларини хусусий секторга ўтказади.
Шунингдек, қарорда 5 та туманда аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш функциясини хусусий операторларга бериш бўйича Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқади ва Ҳукуматга киритади.
Газ таъминоти тизимида хусусий операторга топшириладиган айрим туманлар таъминоти бўлимлари пилот лойиҳаси сифатида танлаб олинган.
Жумладан, табиий газ йўналишида:
- Қорақалпоғистон Республикасидаги «Хўжайлитумангаз»;
- Андижон вилоятидаги «Олтинкўлтумангаз»;
- Бухоро вилоятидаги «Бухоротумангаз»;
- Жиззах вилоятидаги «Ғаллаоролтумангаз»;
- Қашқадарё вилоятидаги «Қаршитумангаз»;
- Навоий вилоятидаги «Қизилтепатумангаз»;
- Наманган вилоятидаги «Янгиқўрғонтумангаз»;
- Самарқанд вилоятидаги «Самарқандтумангаз»;
- Сурхондарё вилоятидаги «Деновтумангаз»;
- Сирдарё вилоятидаги «Ховостумангаз»;
- Тошкент вилоятидаги «Янгийултумангаз»;
- Фарғона вилоятидаги «Учкўприктумангаз»;
- Хоразм вилоятидаги «Урганчтумангаз»;
- Тошкент шаҳридаги «Бектемиртумангаз» газ таъминоти бўлимлари хусусий секторга топширилади.
Суюлтирилган газ йўналишида эса Қорақалпоғистон Республикасидаги «Тўрткўлтумангаз», Андижон вилоятидаги «Андижонтумангаз», Фарғона вилоятидаги «Бешариқтумангаз», Самарқанд вилоятидаги «Ургуттумангаз» ва Қашқадарё вилоятидаги «Чироқчитумангаз» газ таъминоти бўлимлари танлаб олинган.
Шу билан бирга 2024 йил 1 ноябрга қадар республикада суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжнинг ортиб бораётганлигини инобатга олиб, истеъмолчиларни мақбул нархларда суюлтирилган газ билан таъминлаш мақсадида 2025 йил 1 январдан республикага суюлтирилган газни импорт орқали олиб кириш ҳамда истеъмолчиларга бозор нархларида реализация қилиш имконини яратишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Президент Администрациясига киритилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter