Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти билан телефон орқали мулоқот қилди
Президент Шавкат Мирзиёев 24 декабрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбари Озарбайжон етакчисини таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва янги зафарлар, қардош Озарбайжон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Олий даражадаги мунтазам ва самарали мулоқотлар туфайли Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Хусусан, йил бошидан товар айирбошлаш 50 фоизга ошди. Турли йўналишларда, шу жумладан энергетика соҳасида, автомобиллар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, пахта-тўқимачилик ва ипакчилик кластерларини ташкил этиш, қурилиш материаллари ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшма инвестиция фонди ташкил этилмоқда.
Давлат раҳбарлари тўғридан-тўғри савдо шартномалари ва узоқ муддатли инвестиция битимларининг портфелини кенгайтириш муҳимлигини қайд этдилар.
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси делегацияси ҳамкорлик лойиҳаларининг амалга оширилишини тезлаштириш чораларини келишиш учун Боку шаҳрида бўлиб тургани алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек самимий, очиқ ва дўстона руҳда ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter