Сентябрь ойида 13 та банк фаолиятидаги қоидабузарликлар сабаб огоҳлантириш олди – МБ
Банк назорати қўмитаси томонидан Марказий банкнинг назоратга доир вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йилнинг сентябрь ойидаги йиғилишларида элликдан зиёд масала муҳокама қилинди. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати маълум қилди.
Хусусан, ҳисобот ойида Қўмита 9 та йиғилиш ўтказиб, уларда жами 54 та масалани муҳокама этиб, тегишли қарорлар қабул қилган.
Рухсат бериш тартиботи йўналишида 27 та, шунингдек, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатини ўрганиш натижалари бўйича ҳам 27 та масала муҳокама қилинди.
Натижада 1 та тижорат банки ва 1 та тўлов ташкилотининг айрим операцияларини амалга оширишига чеклов ўрнатилди ҳамда 13 та тижорат банки фаолиятида қоидабузарликлар аниқланганлиги сабабли чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Шунингдек, 6 та тижорат банкига нисбатан жарима чораси қўлланилди ҳамда устав капитали қонунчилик талабларига мувофиқ шакллантирилмаганлиги муносабати билан 1 та тижорат банкининг актив ва пассив операцияларини тўхтатиш ҳамда 4 та тўлов ташкилотидан фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияларини чақириб олиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.
Бундан ташқари, тижорат банклари бошқарувлари зиммасига аниқланган камчиликларни бартараф этиш, эҳтимолий йўқотишларга қарши захираларни яратиш, шунингдек, Марказий банк томонидан ўрнатилган пруденциал нормативларга амал қилиш, банк фаолиятида мавжуд заифликларни бартараф қилиш ва молиявий ҳолатни соғломлаштириш билан боғлиқ талабларга риоя этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди ва вазифалар юклатилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter