Саудия Арабистонидаги Ўзбекистон элчиси ўз дипломатик миссиясини якунлади
Ўзбекистон элчиси Улуғбек Мақсудов бугун Саудия Арабистонидаги дипломатик миссиясини якунлади.
Улуғбек Мақсудов элчи лавозимда 2018 йилнинг май ойидан бери ишлаб келаётган эди.
«Дунё» АА берган хабарга кўра, Қироллик расмийлари билан ўтган хайрлашув учрашувларида таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон-Саудия Арабистони муносабатларидаги фаоллик эътироф этилган.
Жумладан, 2022 йил 17-18 август кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига тарихий давлат ташрифи эсланган.
«Айни пайтда Тошкент шаҳрида Ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви, 2025 йилда эса «Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» стратегик мулоқоти бўйича давлат раҳбарлари саммитига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Томонлар савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратдилар. Икки мамлакатда Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари иштирокида навбатма-навбат 8 та бизнес-форум ўтказилди. Ўзбекистон – Саудия Арабистони ишбилармонлар кенгашининг 3 та йиғилиши – Бухоро, Тошкент ва Ар-Риёзда муваффақиятли ўтказилди», – дейилади хабарда.
Маълумот учун, Улуғбек Мақсудов бош қароргоҳи Жидда шаҳрида жойлашган Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги Ўзбекистоннинг доимий вакили ҳам бўлган.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги вақтда Саудия Арабистонининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган жами инвестицияси 30 миллиард доллардан ортиқни ташкил этади. 2-3 май кунлари бўлиб ўтадиган 3-Тошкент халқаро инвестиция форумида Саудия Арабистони бизнесининг фаол иштироки кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter