Самарқандда қалбаки дори ишлаб чиқараётган цех аниқланди
Самарқанд шаҳрида қалбаки дори воситалари ишлаб чиқараётган яширин цех аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар бермоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро А.Х. ўзи яшаб келаётган кўп қаватли уйнинг 1-йўлагидаги қўшимча хонада яширин цех ташкил қилиб, «Бекот Амино» ва «Монасил НЕО» номли дори воситаларининг мувофиқлик сертификатини қалбакилаштириб, гўёки ушбу дори воситалари «Р.М.» қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилганлиги тўғрисида полиграфия ёзувларини ёпиштириб қалбакилаштирилган дори воситаларини ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланиб, ушбу хонадондан жами 5 мингдан зиёд дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter