Самарқандда дарахтлар бетон қопламалар ва баннерлардан “қутқарилди”
“Дарахтларга нафас беринг” оммавий тадбирлари доирасида ҳозиргача Самарқанд шаҳрининг ўзида 100 га яқин, Каттақўрғон туманида 33 та ҳолатда дарахтлар бетон қоплама ва баннердан халос қилинган. Вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам айни тадбир давом этмоқда. Тадбир мутасаддилари рақамларни умумлаштиришга ҳали эрта экани, зеро, ойлик давом этаётганини таъкидлашди.
– Иш, аввало экофаоллар тақдим қилган маълумотларни тўплашдан бошланди. Қаерда, қанақа дарахт, қанақа ҳолатда зарар етказилгани асосида махсус жадвал тузилди. Сўнг эколог мутахассислар ва ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ҳамкорликда дарахтларни “қутқариш” жараёнини бошладилар, – дейди Самарқанд вилоят экология бошқармаси матбуот котиби Шерали Искандаров.
Маълум бўлишича, инсонларнинг табиатга етказган зарари бартараф этилган лавҳалар ижтимоий тармоқларда эълон қилингач, энди кузатувчилар янги-янги ҳолатларни маълум қилиб бормоқда экан. Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари битта дарахтдан ўнлаб мих суғуриб олинган ҳолатларни ҳам айтди. Илдизларнинг бетон билан ёпилиши ва танасига турли қозиқлар қоқилиши дарахтнинг касалланиши ва қуришига сабаб бўлади.
Бошқарма матбуот хизматининг мисол тариқасида келтиришича, куни кеча бўлиб ўтган қаттиқ шамолда вилоятда йигирмадан ортиқ ичидан емирилган дарахт қулаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter