Қўриқхона, миллий боғ ва ўрмон хўжаликларида экотуризм хизматлари йўлга қўйилади
Экология вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг давлат қўриқхоналари буфер зоналари, миллий табиат боғлари, питомниклар (қўриқхонага айлантирилган зоналар бундан мустасно), ўрмон ва ўрмон-ов хўжаликлари, тоғли ва чўл ҳудудлари ҳамда сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарида (экоҳудудлар) жойлашган ер участкалари комплекс туризм хизматларини йўлга қўйган ҳолда туристик кластерлар ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига берилади.
Бу ҳақда Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида экологик туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Бунда ер участкалари «E-auksion» савдо платформаси орқали фаолият кўрсатиш муддатини кейинчалик ўзгартириш имконияти билан 10 йил муддатга ижарага берилади.
Шунингдек, туристик кластерлар ҳудудидаги туристик обектлар енгил ва тез қуриладиган конструкция ҳамда экологик тоза қурилиш материалларидан барпо этилади.
Қолаверса, Экология вазирлиги томонидан экоҳудудларни ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилади. Дастурлар кластерларда туризм хизматларини кўрсатишда атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмаслик масаласига қаратилади.
Қарорга кўра, қуйидагилар ҳам амалга оширилади:
- экоҳудудларнинг мавжуд табиий ресурсларидан келиб чиққан ҳолда туристик сўқмоқлар, селфи зона ва пикник зоналар, манзалари томоша майдончалари ва ҳайвонларни масофадан кузатиш имконини берувчи фототурлар ташкил қилиш;
- чиқиндиларни ташлаш ва экоҳудудда ўрнатиладиган йўл кўрсаткичлари нуқталарини белгилаш ҳамда экологик талабларга жавоб берадиган санитария-гигиена шохобчаларини жойлаштириш;
- кемпинг, глемпинг, ўтов, экоуйлар ва бошқа турдаги жойлаштириш воситаларини ўрнатиш;
- экоҳудудларга кириш қисмида электромобиллар учун қувватлантириш стансиялари, кўчма ресторанлари бўлган автотураргоҳлар қуриш;
- экоҳудудларда туристлар ўзлари керакли маълумотларни олишлари учун ташриф марказлари фаолиятини йўлга қўйиш.
Туристик кластерларда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига ер участкасини ижарага беришда қуйидаги талаблар қўйилади:
- экоҳудуднинг экологик ҳолати ва туризмни ривожлантиришнинг барқарорлигини таъминлаш;
- экоҳудудда ноёб табиий обектлар ва мажмуаларни, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг генетик фондини сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
- экологик талаблар асосида туризм хизматларини диверсификация қилиш ва хизматлар сифатини жаҳон стандартлари даражасига етказиш;
- энергиянинг муқобил ва қайта тикланувчи манбаларидан фойдаланган ҳолда янги замонавий энергия тежовчи тизимлар ва технологияларни жорий қилиш асосида ўзига хос экологик тизим яратиш;
- янги иш ўринларини яратиш орқали аҳоли даромадларини ошириш;
- экоҳудудга маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
- инновацион ва замонавий туризм инфратузилмасини яратиш;
- автоматлаштирилган махсус электрон дастур ёрдамида ахборот алмашинувини йўлга қўйиш орқали ташриф буюрувчилар оқимини кўпайтириш;
- экоҳудуддаги туристик сўқмоқлар ва йўл кўрсаткичларининг белгиланган талабларга мувофиқлигини таъминлаш;
- янги туризм хизматлари (шу жумладан, Плантинг Тоур, Плоггинг Тоур ва бошқалар) ва экоакцияларни ташкил қилиш;
- экоҳудуднинг ишлаб чиқилган бренди асосида тарғибот дастурларини амалга ошириш;
- экоҳудуднинг рекреацион салоҳиятини ошириш.
Қарорга кўра, Сурхон, Ҳисор, Нурота, Зомин давлат қўриқхоналари, «Судоче-Акпекти», «Барсакелмес» давлат буюртма қўриқхоналари, «Сайгачий» мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, Марказий Қизилқум, Жанубий Устюрт, Зарафшон, Хоразм, Зомин, Юқори Тўпаланг, Боботоғ миллий табиат боғлари, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати, Бухоро ихтисослаштирилган «Жайрон» питомниги, шунингдек, Бурчмулла, Қизириқ, Бойсун, Боботоғ, Ҳисор, Узун, Сурхондарё, Деҳқонобод, Оҳангарон давлат ўрмон хўжаликлари ва Дарғом давлат ўрмон ишлаб чиқариш корхонасида экотуризм хизматлари йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 2024 йил 1 сентябрга қадар «Табиатга саёҳат» электрон платформаси ва унинг мобил иловаси ишга туширилади. Улар туристик кластерларнинг электрон харитаси, туристик кластерларнинг ташриф марказларида кўрсатиладиган хизматлар, саёҳатни режалаштириш ва жойлаштириш воситаларини олдиндан банд қилиш имконияти, мавжуд тоғ ва ғорлар, туристик сўқмоқлар ва уларнинг имкониятлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади.
Шу билан бирга, 2027 йил 1 январга қадар чўл ҳудудларида рекреацион туристик хизматлар кўрсатувчи курорт зоналарини (тоифали меҳмонхоналар, СПА-меҳмонхоналар, санаторий ва пансионатлар) ташкил қилган тадбиркорлик субъектлари уч йил давомида фойда солиғини ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғининг 50 фоизини тўлайди. Чўл ҳудудларида тематик хиёбонларни ташкил қилган юридик шахслар ҳам хиёбонлар фойдаланишга топширилган кундан эътиборан уч йил давомида мол-мулк ва ер солиғининг 50 фоизидан озод қилинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter