Қишлоқ хўжалиги соҳасида 41,3 фоиз хотин-қизлар ишлайди
—Мен ҳеч жойда ўқимаганман. Турмуш ўртоғим Россияда ишлайди. Уч нафар фарзандим бор. Тирикчилигимиз кичкина иссиқхонадан. Сабзавот етиштирамиз. Аммо асосий вақтим етиштираётган сабзавотларга кимёвий ўғит бериш, суғориш, парваришлаш билан ўтарди. Фарзандларимга қарашга вақтим йўқ эди. — дейди андижонлик Баҳромова Махсудахон. — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан иссиқхоналарда сабзавотлар етиштириш бўйича курсда ўқигач, уларни кимёвий ўғитларсиз етиштиришни ўргандим. Ҳозир менга FAO томонидан янги иссиқхона қуриб беришаётир. Энди фарзандларимга кўпроқ вақт ажратаяпман, турмуш ўртоғимни ҳам Россиядан чақиртирдим. Қишлоқ аёли бўлгани учун ҳаёт шу эканда дердим, аммо энди оилам бирлашаяпти, мен ҳам аёл сифатида катта ишларга қодирлигимни ҳис қилдим.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йилда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 15 октябрь санасини «Халқаро қишлоқ аёллари куни» сифатида кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқулланган эди. Мана икки йилдирки мазкур сана Ўзбекистонда кенг нишонланмоқда. Юртимизда ўтказилиши мўлжалланган тадбирлар олдидан FAO, USAID, Олий Мажлис Сенати, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, «Аграр аёллар уюшмаси» томонидан 15 октябрь – «Халқаро қишлоқ аёллари куни» муносабати билан «Қишлоқ ҳудудларида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш истиқболлари ва аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги иштироки» мавзусида республика форуми ўтказилди.
–Қишлоқда истиқомат қилаётган аёлларнинг жамиятдаги ўрнини кўрсатиш, уларнинг муаммоларига эътиборни қаратиш, фаол аёлларни рағбатлантириш бугун жуда муҳим, — дейди БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров. —Бугунги кунда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) томонидан сояда қолиб кетаётган аёлларни юзага чиқаришда ҳукуматга кўмаклашиш, қишлоқ аёлларининг билим савиясини кўтаришдан иборат. Мисол учун, FAO, Глобал Экологик Фонд (GEF) молиявий кўмагида «Ўзбекистонда тоғ ва водий ўрмонларини барқарор бошқариш» лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамкорлигида амалга оширмоқда. Лойиҳанинг мақсади айнан ўрмон хўжаликларида ишловчи ва унинг ҳудудида яшовчи аҳоли, хусусан хотин-қизларнинг саводхонлигии ошириш, гендер тенгликни таъминлашга кўмаклашишдан иборат.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, юртимизда қишлоқ аҳолиси – 17,4 млн кишига тенг. Бунда, эркаклар – 8,8 млн, аёллар – 8,6 млн нафарни ташкил этди. Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида 41,3 фоиз хотин-қизлар банд бўлиб, юртимизда фаолият кўрсатаётган 80 мингдан ортиқ фермер хўжаликларининг қарийб 6 мингтасига аёллар раҳбарлик қилмоқда. Аммо бу кўрсаткич Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида йўқ ҳисоб. Атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ хўжаликларда қишлоқ аёллардан асосан мавсумий ишчилар сифатида фойдаланилади. Мазкур соҳаларда раҳбар аёлларнинг кўпайиши бевосита бугунги кунда жуда ҳам долзарб бўлган экологик муаммоларнинг олдини олинишига қўшилган катта ҳисса бўлар эди.
Наргис Қосимова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter