Қатар компанияси Ўзбекистонда 300 млн долларлик боғ яратмоқчи
Қатарнинг «Power International Holding» (PIH) компанияси Тошкент вилоятида 180 гектар майдонда умумий қиймати 300 миллион АҚШ долларига тенг бўлган «Silk Road Land Edutainment Park» боғини барпо этмоқчи.
Бу борада «SilkRoadInvest Group» МЧЖ (Ўзбекистон) ва Қатар компанияси раҳбарияти ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон вакиллари Қатар томонига мазкур лойиҳанинг бизнес режасини тақдимот қилдилар. Қизғин муҳокамалардан сўнг томонлар ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Учрашув якунида мазкур лойиҳа жойлашган манзилни кўздан кечириш ва уни амалга ошириш шартларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида шу йил февраль ойида қатарлик тадбиркорларнинг Ўзбекистонга бизнес-миссиясини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.
Маълумот учун, «Power International Holding» Қатарнинг хусусий сектордаги энг йирик компанияси бўлиб, 1983 йилда ташкил этилган. Компания бугунги кунда дунёнинг 19 та мамлакатида фаолият олиб бормоқда. «Форбс» нашрига кўра, «PIH» Яқин Шарқдаги ўн учинчи энг йирик компания ҳисобланади. Корхона ишчилари сони 65 мингдан ортиқ. Шу кунга қадар амалга оширган лойиҳалари сони 1 100 тани ташкил қилади. «PIH»нинг Қатардаги озиқ-овқат саноатидаги улуши 70 фоиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter