Қашқадарёда 14 ёшли қиз тутқунликда сақлангани айтилганди. Айрим тафсилотлари ошкор қилинди
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида 14 ёшли қиз етти ой давомида мажбуран сақланиб, турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келингани иддао қилинган хабарлар тарқалганди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мазкур ҳолат юзасидан тезкор ишчи гуруҳ тузиб, ўрганишлар олиб борди.
Дастлабки маълумотларга кўра, вояга етмаган Т.Ч. Қашқадарё вилояти Китоб туманида яшовчи отаси Ғ.Ж.нинг қарамоғида эканлиги, онаси Х.С. 2023 йил январ ойида Россияга ишлаш учун кетганлиги ва бугунги кунгача яшаш манзилига қайтиб келмаганлиги аниқланди.
Жинсий зўравонлик ҳақида вояга етмаган Т.Ч.нинг тоғаси Х.М. ҳудудий ИИБга мурожаат қилган.
Унга кўра, Шаҳрисабз туманида яшовчи фуқаро Н.А. қизни ўзининг уйида 7 ой давомида мажбуран сақлаб келиб, унга нисбатан зўрлик ва таҳдид орқали турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келган бўлиши мумкин.
Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мазкур ҳолат юзасидан тегишли суриштирув ишларига киришилган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Китоб тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан психолог ва педагоглардан иборат ишчи гуруҳ бугунги кунда вояга етмаган Т.Ч.нинг жисмоний ва руҳий саломатлигини тиклаш ҳамда мазкур ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда уни бартараф этиш чоралари юзасидан «Ижтимоий иш» очган ва ҳолат юзасидан комплекс ўрганишларни давом эттирмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter