Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хоразм ва Бухорода қадимий тангаларни Ўзбекистондан олиб чиқишга уриниш фош қилинди

Хоразм ва Бухорода қадимий тангаларни Ўзбекистондан олиб чиқишга уриниш фош қилинди

Фото: Давлат божхона қўмитаси 

“Урганч” халқаро аэропортидан хорижга учиб кетаётган Ўзбекистон фуқаросининг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганда 50 дона 1898-1963 йилларда ва XV асрда Бухоро ва Самарқандда зарб этилган мисдан ясалган қадимий танга топилган.

Фото: Давлат божхона қўмитаси 

Ҳолат юзасидан божхона ходимлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг қарорига асосан давлат эгалигига ўтказилган. Йўловчидан олиб қўйилган қадимий тангалар эса “Хива Ичан-қалъа” давлат музей қўриқхонасига топширилган.

Худди шундай ҳолат Бухоро аэропортида ҳам аниқланди. Москвага учаётган йўловчи зарб этилганига 50 йилдан ошган 96 дона тангани олиб чиқмоқчи бўлган вақтида тўхтатиб қолинган.

Фото: Бухоро вилоят божхона бошқамаси

“Бухоро-Внуково” авиарейси хорижий давлатга учиб кетишни режалаштирган фуқаро аэропортда божхона назоратидан  ўтаётганда унинг ёнида ҳужжатларда кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилмаган 96 дона тарихий танга борлиги аниқланди.

“Ҳозирда мазкур нумизматика буюмларининг қадимийлик даражасини аниқлаш мақсадида Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан бадиий экспертиза тайинланган бўлиб, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади расмий вилоят божхона бошқармасининг хабарида.

Эслатиб ўтамиз, “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги қонунга асосан зарб этилганлигига 50 йилдан ошган нумизматика буюмларини мамлакатимиз ҳудудидан олиб чиқиб кетиш тақиқланади.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг