Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президентнинг собиқ давлат маслаҳатчиси қамоқдан чиқди

Президентнинг собиқ давлат маслаҳатчиси қамоқдан чиқди

Равшан Муҳиддинов (2011 йил).

Фотоколлаж: «Xabar.uz»

«Xabar.uz»га маълум қилишларича, ҳуқуқ-тартибот идораларида юқори лавозимларда ишлаган, пора олганлик, хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганлик ва бошқа айбловлар билан 2011 йили қўлга олиниб, 2012 йили суд қарорига кўра 15 йилга озодликдан маҳрум этилган Равшан Муҳиддинов озодликка чиқарилган. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг яқинда бўлиб ўтган суд мажлисида собиқ амалдор реабилитация қилиниб, афв этилган.

Эсингизда бўлса, 2017 йилнинг июлида Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига сафар қилган, вилоят фаоллари иштирокидаги йиғилишда прокуратура органи ходимларини қаттиқ танқид қилган, бу йиғилишнинг аудиоёзувлари ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган эди. Йиғилишда давлат раҳбари ўзидан кетиб қолган прокурорларнинг жойи қамоқда эканини таъкидлаш асносида прокурорлар бундан хулоса қилиши кераклиги айтган ва фикрини асослаш учун Равшан Муҳиддиновни ёдга олган эди. «Бу ерда Муҳиддинов дегани прокурор бўлган. Кўринглар, неча йилга кесилиб кетди», — деган эди Шавкат Мирзиёев ўз нутқида.

«Xabar.uz» маълумоти:

Муҳиддинов Равшан Абдулатифович 1963 йилнинг 22 июлида Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти — олий, 1985 йили ТошДУнинг ҳуқуқшунослик факультетини, 1997 йили Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият бошқаруви академиясини тамомлаган.

У Чилонзор тумани прокуратураси стажёри (1985—1986-йиллар), Тошкент шаҳар прокуратураси терговчиси (1986—1992-йиллар), тергов бўлими прокурори, катта прокурори, Бош прокуратуранинг ташкилий назорат ва таҳлий бошқармаси прокурори (1992—1995-йиллар), Бош прокуратуранинг тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Президент девонида масъул ходим (1997—1998-йиллар), Жиззах вилояти прокурори (2000—2005-йиллар), Президент девонида масъул ходим (2005—2006-йиллар), Бош прокурор ўринбосари, Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти директори (2006—2007-йиллар), Адлия вазири (2007—2011-йиллар) лавозимларида ишлаган.

У 2011 йилнинг июнида у Муиджон Тоҳирийнинг ўрнига Ўзбекистон Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси этиб тайинланганди. Бироқ у ушбу вазифада бир йил ҳам ишламай 2011 йилнинг 21 сентябрида Президент фармонига мувофиқ ишдан олиниб, Тошкент вилояти прокурори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайиинланган эди. У 2011 йилнинг 20 ноябрида ҳибсга олинган ва 2012 йилнинг февралида суд қарорига мувофиқ қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Равшан Муҳиддинов Ўзбекистонда хусусий нотариусларнинг ёпилишига олиб келган «Нотариат тўғрисида» қонуннинг ташаббускори ҳисобланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг