Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласига қарши чоралар кучайтирилади

Пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласига қарши чоралар кучайтирилади

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласига доир 185-1-моддасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. 

Унга кўра, пиротехника буюмларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ва Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиш эса ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ўтказиш, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласини ташкил этувчи ҳуқуқбузарликлар турларининг хавфлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда жавобгарлик чораларининг кучайтирилишини, шунингдек, маъмурий баённомаларни расмийлаштириш ваколатини Миллий гвардия органлари билан бирга ички ишлар органларига ҳам берилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, амалда пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласига оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича баённома тузиш ваколатлари фақатгина Миллий гвардия органларининг мансабдор шахсларига берилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг