Ўзбекистонликлар учун Хорватия ишчи визаси соддалаштирилиши мумкин

Будапештдаги Ўзбекистон элчихонаси кўмагида мамлакат ТИВ, ИИВ ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакилларидан иборат делегациянинг Хорватияга ташрифи ташкил этилди.
«Дунё» АА берган маълумотга кўра, ташриф доирасида Хорватия Ташқи ишлар вазирлиги штат котиби Франо Матушич, Демография ва миграция вазирлиги штат котиби Желка Ёшич ва Меҳнат, пенсия, оила ва ижтимоий сиёсат вазирлиги давлат котиби Иван Видиш, шунингдек, бир қатор компаниялар раҳбарияти билан музокаралар ўтказилган.
Музокаралар чоғида асосий эътибор меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди.
Хорватия томони ўзбекистонлик малакали мутахассисларни жалб этишдан манфаатдор эканини тасдиқлади ва меҳнат мигрантлари учун таълим курсларини, жумладан, хорват ва хорижий тилларни ўқитишни ташкил этишга тайёрлигини билдирди.
Томонлар Ўзбекистон фуқаролари учун меҳнат визаларини олиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда Миграция ва мобиллик масалалари бўйича ҳукуматлараро битимни биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Хорватия ташқи ишлар вазирликлари ўртасида биринчи консуллик маслаҳатлашувларини ўтказишдан манфаатдор билдирилди.
Ташриф давомида етакчи рекрутинг компаниялари вакиллари ва ватандошлар билан ҳам учрашувлар ўтказилди. Уларда Хорватияда Ўзбекистон фуқароларини ишга жойлаштириш ва ишлаётган ўзбекистонликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter