Ўзбекистонга кириб келган хорижий инвестициялар ҳажми қарийб $10 миллиардга етган
Ўзбекистонга кириб келган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 2017 йилдаги 3,3 млрд АҚШ долларидан 3 баробарга ортиб, 9,8 млрд АҚШ долларига етган.
Бу ҳақда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти маълум қилди.
Институт тадқиқотига қайд этилишича, мамлакатда олиб борилаётган фаол ташқи сиёсат натижасида республикага инвестиция киритаётган мамлакатлар географияси ҳам кенгайяпти. 2022 йилга келиб, Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция киритган мамлакатлар сони 50 дан ортди. Уларнинг орасида Россия, Хитой, Туркия, Германия, Жанубий Корея каби мамлакатлар етакчилик қилмоқда.
Бунинг натижасида хорижий инвестициялар ва кредитларнинг жами инвестициялардаги улуши 23,8 фоиздан 40,5 фоизгача ортди.
Шу билан бирга, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 2017 йилда 2,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб 3,4 баробар ошди ва 8,5 миллиард АҚШ долларига етди. Уларнинг жами инвестициялардаги улуши эса 17,7 фооиздан 35,4 фоизгача ошди.
Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона ва ташкилотлар сони ҳам йил сайин ортиб бормоқда: 2017 йида 5,5 мингтани ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб уларнинг сони 15,8 мингтага етди. Бунинг 6,4 мингтаси қўшма корхона, 9,3 мингтаси тўлиқ хорижий корхона ҳисобланади.
Чет эл капитали иштирокидаги корхоналарнинг 30,5 фоизи савдо, 27,5 фоизи саноат, 8,0 фоизи қурилиш, 4,8 фоизи қишлоқ хўжалиги, 4,1 фоизи яшаб туриш ва овқатланиш муассасалари, 2,9 фоизи сақлаш ва ташиш, 4,8 фоизи алоқа ва ахборот йўналишларида, 17,4 фоизи эса бошқа соҳаларда фаолият юритмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter