Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда яна бир кўл Рамсар конвенциясига киритилди

Ўзбекистонда яна бир кўл Рамсар конвенциясига киритилди

Ўзбекистон делегациясининг Швейцарияга расмий ташрифи доирасида Судоче кўли халқаро аҳамиятга эга бўлган Рамсар сув-ботқоқ ерлар рўйхатига киритилди. Тегишли сертификат асосан, сув қушларининг яшаш муҳити сифатида халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ ерлари тўғрисидаги конвенция Бош котиби М.Мумба томонидан Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимовга топширди.

Судоче кўли Ўзбекистоннинг Рамсар конвенциясига киритилган 4-объекти бўлиб, бунга қадар Денгизкўл 2001 йилда, Айдар-Арнасой кўллар тизими 2008 йилда ва Тўдакўл ҳамда Қуймазор сув омборлари 2020 йилда Рамсар рўйхатидан жой олган.

«Сув қушларининг кўчманчи турларини сақлашда сув-ботқоқ ерларининг аҳамияти ката. Бу ҳудудлар карбонат ангидридни ўзига сингдириб, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатади, шунингдек, экологик туризмни ривожлантиришда улкан салоҳиятга эга», – дейди Азиз Абдуҳакимов.

Ўз навбатида Рамсар конвенцияси Бош котиби Ўзбекистоннинг Рамсар объектларини сақлаш бўйича Стратегияни ишлаб чиқиш ташаббусини қўллаб-қувватлади ва ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида Мумба хоним Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг учта йирик тадбири – чўлланиш бўйича глобал тадбир, Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир Конвенциясининг 14-Томонлар конференцияси ва Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессиясига таклиф этилди.

Қайд этилишича, Судоче кўлида 24 турдаги балиқ, 230 турдаги қуш (118 та гидрофил тур) бўлиб, шундан 24 тури Халқаро Қизил китобга (12 тур) ва Ўзбекистон Қизил китобига киритилган. Шунингдек, кўлда 30 турдаги сутэмизувчилар ҳам бор (шундан 2 тури Ўзбекистон Қизил китобига ва 3 тури Халқаро Қизил китобига киритилган).

Судоче кўли баҳор-куз даврида сув қушларининг оммавий концентрацияси жойи сифатида жуда муҳим роль ўйнайди. Сув ҳавзасида баҳорги миграция даврида қушлар сони 100 мингдан ошади.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг