Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ташқи савдосида доллар ва евронинг улуши камайган

Ўзбекистон ташқи савдосида доллар ва евронинг улуши камайган

Ўзбекистон ташқи савдосида доллар ва евронинг улуши 2019 йилга қараганда бироз камайган. Бу ҳақда Стратегик ислоҳотлар маркази маълум қилди.

Қайд этилишича, мамлакат экспортида доллар ва евронинг улуши 2019 йилдаги 99,1 фоиздан, 2023 йилда 93,2 фоизгача, импортида эса 95 фоиздан (доллар 83 фоиз, евро 12 фоиз) 89,4 фоизгача камайган (доллар 79,5 фоиз, евро 9,9 фоиз).

Бунда, рублнинг улуши экспортда сўнгги 5 йилда 0,8 фоиздан 5,3 фоизга етган бўлса, импортда 4,2 фоиздан 7,6 фоизгача етган.

Шунингдек, ташқи савдода сўм ҳам оз бўлса-да қўлланилиб, 2019 йилда 8,7 млн долларлик импорт товарлар (улуши 0,0 фоиз), экспортда 2,4 млн долларлик товарлар сўмда савдо қилинган бўлса, 2023 йилга келиб сўмдаги импорт 87 млн долларга (улуши 0,3 фоиз), экспортда эса 21,2 млн долларга етган (улуши 0,2 фоизи).

Агентликка кўра, 2019 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби қўшниларимизнинг биронтаси халқаро савдода миллий валютасидан фойдаланмаган. Хусусан, Қозоғистон экспортининг 87 фоизи ва импортининг 55 фоизини долларда, Қирғизистон экспортининг 67 фоизи ва импортининг 78 фоизини долларда амалга оширган. Ўзбекистон эса экспортининг 96 фоизи ва импортининг 81 фоизини долларда амалга оширган.

«Мамлакатимиз томонидан халқаро савдода сўмдан фойдаланиш имконияти чекланган. Баъзи қўшни давлатлар билан тўғридан тўғри шартномалар орқали ташқи савдонинг бир қисмини миллий валютага ўтказиш мумкин. Лекин ташқи савдонинг асосий қисмини миллий валютага ўтказишга уриниш биринчидан имконсиз (инфратузилма йўқлиги сабабли), иккинчидан жудаям қимматга тушади», – дейилади Агентлик шарҳида.

Таъкидланишича, 2023 йилда ташқи савдо дефицити 17,4 млрд долларни ташкил этган, яъни соф ҳолатда Ўзбекистоннинг чет эл валютасига эҳтиёжи мавжуд. Агар ташқи савдода профицит шаклланганда бошқа давлатларда миллий валютага талаб бўлиши мумкин.

Маълумот учун, бутун дунё товар савдосининг қарийб 80 фоизи долларда амалга оширилади. Хусусан, товар экспортидаги доллар улуши Америка қитъасида 96 фоиз, Осиё–тинч океанида 74 фоиз, Европада 23 фоиз (мазкур ҳолат минтақада валюта иттифоқининг мавжудлиги билан изоҳланади), дунёнинг бошқа давлатларида 79,4 фоизни ташкил этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг