Ўзбекистон-Қозоғистон: жами нечта олий даражадаги ташрифлар бўлгани айтилди

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 2016 йилдан буён олий даражада 13 дан ортиқ ўзаро ташрифлар амалга оширилган. 1991 йилдан 2016 йилга қадар эса 23 марта.
Икки давлат раҳбарлари учрашувлари эса ўнгги беш йилда 30 мартадан зиёд бўлиб ўтган. 2022 йилнинг ўзида Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари бир қатор икки томонлама тадбирларда иштирок этди. Хусусан, қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросими (4-5 февраль, Пекин), Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашуви (21 июль, Чолпон-Ота), МДҲнинг норасмий саммити (7 октябрь, Санкт-Петербург), ШҲТ, ТДТнинг Самарқанддаги саммитлари, Остонада бўлиб ўтган Марказий Осиё + Европа Иттифоқи ОҲИЧК ва бошқалар.
Қозоғистон 2013 йилда Ўзбекистон стратегик шериклик муносабатларини ўрнатган Марказий Осиёдаги илк мамлакат ҳисобланади. Президент Мирзиёевнинг 2021 йил 5-6 декабрдаги Қозоғистонга давлат ташрифи давомида томонлар Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларацияни имзолаб, ўзаро муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқдилар.
Ўзбекистон ва Қозоғистон иттифоқчилик муносабатларини ҳар томонлама ҳамкорлик, тенглик ва манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш, давлатларнинг мустақиллигини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ва чегаралар дахлсизлигини ҳурмат қилиш асосида қурмоқда.
Шу билан бирга, икки давлат раҳбарлари икки томонлама алоқаларни сиёсий, иқтисодий, инвестиция, фан-техника, маданий-гуманитар соҳаларда янада комплекс ривожлантириш, олий, юқори ва бошқа даражаларда конструктив ва ишончга асосланган мулоқотни кенгайтириш тарафдори.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик ривожланган шартномавий-ҳуқуқий базага эга бўлиб, 245 та ҳужжатни ўз ичига олади. Шу жумладан: давлатлараро характердаги 12 та халқаро шартнома, ҳукуматлараро характердаги 82 та халқаро шартнома, идоралараро характердаги 65 та халқаро шартнома, 86 та бошқа ҳужжатлар.
Асосий ҳужжатлар эса 2013 йил 14 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда 2021 йил 6 декабрда қабул қилинган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация ҳисобаланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter