Ўзбекистон 10 та Airbus тиббий вертолётини сотиб олиши мумкин
Ўзбекистон–Франция бизнес форумида Airbus Helicopters компанияси билан 10 та Airbus Н145 русумидаги тиббий вертолёт харид қилиш бўйича музокара ўтказилган. Airbus Н145 ўрта узоқликдаги масофага учадиган кўпмақсадли вертолёт бўлиб, ундан тиббий операциялар, йўловчи ташиш, қидирув-қутқарув жараёнлари учун фойдаланилади.
Учрашувда Ўзбекистонда Европа стандартларига мос тиббий авиация хизматини ташкил этиш, бу соҳанинг моддий-техника базасини яратиш ҳамда мутахассислар тайёрлаш, тоғли ва чекка ҳудудларда тиббий авиация хизматини ташкил этиш механизмларини ишлаб чиқиш истиқболлари ҳам муҳокама этилган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2021 йилда тоғли ва олис ҳудудлар учун тиббий вертолёт фаолияти йўлга қўйилишини айтганди. Президент бунинг учун келгуси беш йилда бюджетдан 2,1 триллион сўм маблағ ажратилишини билдирганди.
Октябр ойида Россияга расмий ташриф билан борган Ўзбекистон раҳбарига “Ансат” русумли тиббий вертолёт намойиш этилган. Бироқ томонлар бу борада ҳеч қандай шартнома имзоламаган.
Бундан ташқари, форум доирасида Соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятов ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори А.Азизов Франциянинг “Boehringer Ingelheim” компанияси раиси Кристиан Вижсен билан музокара олиб борган. Музокара жараёнида ўзбекистонлик фармацевтика вакилларининг “Boehringer Ingelheim” компаниясида илмий тадқиқот амалиётларини ўтказиш, компанияда ишлаб чиқариладиган дори воситаларини маҳаллийлаштириш имкониятлари тўғрисидаги масалаларни муҳокама қилди.
Қайд этиш лозимки, “Boehringer Ingelheim” компанияси жаҳоннинг илғор биофармацевтика компанияларидан бири бўлиб, компанияда респиратор, юрак-қон томир ва онкологик хасталиклар, паркинсон касаллиги, ОИВ, тромбоэмболиялар, серебровасксуляр касаллик, қандли диабет ва гепатит каби касалликларни даволашга мўлжалланган инновацион дори воситаларини шартнома асосида ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter