«Ўзавтосаноат» Сирдарёда портлаган автобус воқеаси бўйича муносабат билдирди
Жорий йилнинг 18 август куни Сирдарё вилоятида автомобилларга газ қуйиш шохобчасида «Isuzu» русумли автобуснинг газ балонларидан бири портлаган ва натижада 6 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
«Ўзавтосаноат» АЖ ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ўша вақтнинг ўзида тизимдаги Комплаенс хизмати ходимлари ҳамда «Самарқанд автомобил заводи» МЧЖ ҚК масъул ходимлари билан воқеа жойига бориб ўрганилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур автобус дизел ёқилғисида ҳаракатланишга мослашган ҳолда 2012 йилда «Самарқанд автомобил заводи» МЧЖ ҚКда ишлаб чиқарилиб, МЧЖнинг Хоразм вилоятидаги расмий дилери орқали сотилган.
Кейинчалик, автобусни сотиб олган корхона томонидан 2014 йилда 60 литр сиғимли, 6 дона газ балонлар автобус конструкциясига ўзгартириш киритилган ҳолда, автобуснинг уст қисмига ўрнатилган.
Бундан ташқари, ушбу автобус бир йиллик кафолат даврида кафолат талаблари бўйича белгиланган даврий кўрикдан ўтказиш масаласида расмий дилерга мурожаат қилмаган.
Таъкидланишича, кафолатли хизмат кўрсатиш соҳаси сиёсатига кўра, автобус конструкциясига ўзгартириш киритилган ҳолларда, берилган кафолат доирасидан ўз-ўзидан чиқиб кетади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳолат ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter