Ўқитувчини дўппослаган ўқувчи ва унинг ота-онаси барча устоз ва мураббийлардан узр сўради
Аввалроқ, Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги 62-сонли мактабнинг информатика ўқитувчиси мактаб ўқувчиси ва унинг оила аъзолари томонидан калтаклангани ҳақида хабар берган эдик.
Жорий йилнинг 12 июнь куни Учтепа туманида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов бошчилигида йиғилиш ўтказилган. Ўтказилган йиғилишда Учтепа туманидаги 62-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси, Саидхалил С. (2006 й.т) шу мактабнинг «Информатика» фани ўқитувчиси, Самандар Б.ни (1999 й.т) уриб, тан жароҳати етказганлиги ҳолати муҳокама қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси («Безорилик») билан жиноят иши қўзғатилган, тергов якуни бўйича қонуний чора кўрилиши таъминланади.
Жабрланган ўқитувчи ҳамда вояга етмаган ҳуқуқбузар ака-укалар, уларнинг ота-онаси, маҳалла раиси ва фаоллари иштирокида танқидий муҳокама ўтказилди. Муҳокама якунида вояга етмаган ҳуқуқбузар ва унинг ота-онаси барча устоз ва мураббийлардан узр сўраб, бу каби ҳолат бошқа қайтарилмаслигини айтиб ўтишган.
Муҳокама давомида, 62-сонли мактаб директори Х.Махкамова, болаларнинг синф раҳбари ва 20 нафар ўқитувчиларнинг содир этилган ҳолат юзасидан фикр ва мулоҳазалари тингланиб, қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида масъул раҳбарларга аниқ вазифа ва топшириқлар берилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter