Олий Мажлис депутати қарсакбозликни йўқотиш учун нима қилиш кераклигини айтди
Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги — ЎзАнинг “Бир саволга бир жавоб” лойиҳасида меҳмон бўлган Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров қарсакбозлик ҳақидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашган.
«Халқимиз бағрикенг, очиқ чеҳрали, энг муҳими, яхшиликни билувчи ва миннатдор қалб кечинмаларини ифода этишни хуш кўради. Бугун ўз давлат раҳбаридан чексиз ҳурмат кўраётган, рағбатлантирилаётган инсонлар ҳиссиётларини қай кўринишда бўлса ҳам билдиришни истайди. Бунинг бир йўли – қарсак.
Аммо ҳаддан зиёд қарсакбозлик доим қораланади. Шу нуқтаи назардан, расмий йиғилиш, оммавий йиғин ва маданий тадбирларда ортиқча қарсакбозликка йўл қўймаслик учун иштирокчиларнинг, томошабинларнинг этик ва эстетик маданиятини ривожлантириш мақсадга мувофиқ», — деб айтган Қодиров.
Депутатнинг қўшимча қилишича, тингловчилик, муомала, мулоқот, муносабат масалаларига бағишланган махсус рисола ва қўлланмалар тайёрлаш, оммавий йиғилиш, расмий йиғин ва маданий тадбирларни ташкил қилиш, бошқариш, ўтказиш, иштирок этиш маданияти бўйича махсус йўриқномалар ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш жоиз.
Давлат раҳбари томонидан ўтказиладиган муҳим йиғинлар олдидан иштирокчилар учун қисқа фурсатли тушунтириш ишларини ташкил қилиш лозим.
Алишер Қодиров.
Алишер Қодиров ўз сўзида айнан қайси расмий тадбирлардаги қарсакбозликни назарда тутганини айтмаган. Аммо ўтган йилнинг 28 декабрида давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга қилган мурожаатномаси чоғида Ўзбекистондаги партия етакчиларидан бирининг қарсак чалгани акс этган видеолар тарқалган ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter