Оиладаги зўравонликни ёқловчи видеоролик олган вайнерлар қамалди
Ижтимоий тармоқларда икки нафар вайнернинг оилада аёл ва эркак муносабатлари ва унда аёлнинг калтакланиши ҳақида олинган видеоролик кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
2024 йил 27 январь куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида ушбу шахслар – Ш. О. (1991 йилда Қорақалпоғистон Республикасида туғилган, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган) ва Р. А. (1990 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаган)га оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб, суднинг қарори эълон қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг раиси Т. Обидов томонидан чиқарилган суд қарорига мувофиқ Ш. О. ва Р. А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-1-моддаси (тазйиқни, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш), 189-2-моддаси (жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш), 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми ва 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Вайнерлар, шунингдек, ушбу чиқишлари ҳақида қисқа изоҳ бериб, узр сўраган.
«Биз уч-тўрт кун аввал ижтимоий тармоқдаги саҳифамизга аёл ҳар қандай ҳолатда эрига итоат қилиши керак, деган мазмундаги видеони жойлаштирган эдик. Ушбу видеомизда кўрсатилган ҳолат Ўзбекистон гендер тенглиги тўғрисидаги қонунга зид экан. Шунинг учун ушбу видео интернет фойдаланувчилари томонидан салбий изоҳларга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан узр сўраймиз ва келажакда бундай видео олмасликка сўз берамиз», – деган вайнерлар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter